Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири — Хитой ҳукумати раҳбари лавозимини Ли Сян эгаллади. 11 март куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши депутатлари унинг номзодини маъқуллади, Хитой раиси Си Цзиньпин эса тайинлов ҳақидаги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда Sinxua.
Ли Сян 2013 йилдан бери ҳукуматни бошқариб келаётган Ли Кецяннинг ўрнига Хитой Давлат кенгаши бош вазири этиб тайинланди. 2023 йилда Ли Кецяннинг иккинчи беш йиллик ваколати тугаганди. Хитой қонунчилиги бир одам бош вазир лавозимини икки муддатдан ортиқ эгаллашини тақиқлайди.
Бунга қадар Ли Сян Шанхай партия қўмитаси котиби лавозимида Шанхайга раҳбарлик қилган. У хусусан, Хитойда ва бутун дунёда энг оғир кечган COVID-19 пандемияси даврида шаҳардаги карантин чораларига маъсул бўлган.
Ли Сяннинг сўнгги 20 йилдаги сиёсий фаолияти Си Цзиньпин билан чамбарчас боғлиқ. Сиёсатшунослар Си Цзиньпин 10 март куни тарихда илк бор учинчи беш йиллик муддатга сайланган раис бўлганидан кейин ҳукуматни Ли Сян бошқаришини кутганди. Давлат кенгаши бош вазирларидан фарқли ўлароқ, ХХР раиси учун икки беш йиллик муддат чеклови олиб ташланган.
Изоҳ (0)