Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида 250 килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан шаҳар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.
Фуқаро И.У. бошқарувидаги Damas’да истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 250 килограмм мол гўштини ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ 25,2 тонна гўшт маҳсулотлари ва 21,2 тонна сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилиб, ўрнатилган тартибда йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)