Самарқандда ўзини ИИВда ишлашини айтиб, ички ишлар тизими билан боғлиқ масалаларни пул эвазига ҳал қилиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Тадбир давомида ушбу фуқаронинг шахсига аниқлик киритилганда у 1992 йил Паст Дарғом туманида туғилгани, муқаддам ички ишлар органларида ишлаб кейин бўшагани ва ҳозирда вақтинча ишсиз экани маълум бўлган.
Самарқанд шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 7-сонли ИИБга мурожаат қилиб борган вақтида, ўзини Ички ишлар вазирлигида ишлашини айтиб, нима сабабдан ИИБга келганини сўраб билган. Уни қўрқитиб, ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ундан 5 минг доллар талаб қилган.
“Фуқаро ҳам уддабуронлик қилиб ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни ўзига тегишли бўлган телефон аппарати ёрдамида ёзиб олган ва ёзиб олинган овозни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимларига топширган”, — дейилади хабарда.
2 март куни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, ўзини ички ишлар ходими деб таништирган шахс фуқародан 5 минг долларни миқдоридаги пулларни олаётган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов боқармаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)