Япония ўз оролларини қайта санаб чиқди ва улар илгариги ҳисобдан 7000 тага кўп эканини аниқлади, деб ёзмоқда CNN.
Яқинда Япония геофазовий маълумот бошқармаси (GSI) томонидан ўтказилган рақамли хариталаш машғулотлари шуни кўрсатдики, Японияда 14 125 та орол бор, бу 1987 йилдан бери расман фойдаланиб келинган 6 852 та оролдан икки баравар кўп.
Таъкидланишича, янги рақам геодезия технологиясидаги ютуқларни ва ҳисоблаш учун фойдаланиладиган хариталарнинг батафсил ўрганилганини кўрсатади — ушбу ороллар Японияга тегишли ерларнинг умумий майдонини ўзгартирмайди.
GSI ҳисоботда айтилишича, оролларни қандай санаш бўйича халқаро келишув мавжуд бўлмаса-да, у 35 йил олдинги мезондан фойдаланган. Айланаси камида 100 метр бўлган барча табиий ер майдонлари ҳисобга киритилган.
Янги рақамга сунъий равишда қайта тикланган ерлар киритилмаган.
Японияни ўраб турган ороллар бир қанча ҳудудий баҳсларнинг марказида бўлиб келмоқда. Япония Россия таркибидаги жанубий Курил оролларига даъвогарлик қилади, Токио уни Шимолий ҳудудлар деб атайди, бу баҳс Иккинчи жаҳон уруши охирида, Совет қўшинлари оролларни Япониядан ўзлаштириб олган пайтдан бошланган.
Япония, шунингдек, Шарқий Хитой денгизидаги кимсасиз Сенкаку оролларига тарихий даъвоси борлигини айтади. Орол ҳозирда Токио томонидан назорат қилинади, бироқ Хитой бу даъвога бир неча бор эътироз билдирган.
Шу билан бирга, Япония ва Жанубий Корея Япон денгизидаги Сеул Докдо деб атайдиган, Токио Такешима деб номлаган оролларнинг суверенитети бўйича 70 йилдан ортиқ вақтдан бери баҳслашиб келади.
Изоҳ (0)