“Росатом” корпорацияси электроэнергетика тизимини модернизация қилиш учун Тошкентга мутахассисларни юборади. Бу ҳақда пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов ҳамда “Росатом”нинг Энергия самарадорлиги ва инфратузилма ечимлари бўйича лойиҳа бюроси директори Юрий Мишин билан учрашувида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ўзаро мулоқот давомида Тошкентда электр ва иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш, тизимда жиддий узилишлар бўлишининг олдини олиш, умуман, коммунал ифратузилмани модернизация қилиш масаласи атрофлича кўриб чиқилган.
Бахтиёр Раҳмонов бугунги кунда пойтахт электр энергияси тизимидаги вазиятга эътибор қаратиб, режалаштирилган ва амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтган. Бу йўналишдаги тадбирларда “Росатом” билан истиқболли ҳамкорлик бўйича таклиф билдирилган.
Юрий Мишин бу борада тизим ташкилотларида инвентаризация ўтказиш, иш жараёнига замонавий техника ва технологияларни татбиқ этиш самарали эканини таъкидлаб, бунда икки томон мутахассисларининг ҳамкорликдаги иши орқали ижобий натижаларга эришиш мумкинлигини таъкидлаган ва тез орада бу масалада зарур мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи Тошкентга келишини қўшимча қилган.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболларини кўриб чиққан.
Шунингдек, Бахтиёр Раҳмонов Россиянинг ЛЛК-Интернешнл мутасаддилари билан ҳам учрашиб, пойтахтдаги йўлларни сифатли таъмирлаш масаласини кўриб чиққан.
Маълумот учун, 2018 йил июль ойида “Атомэнергопром” корхонаси (“Росатом” давлат корпорацияси таркибига киради) “Росатом — Инфраструктурние решения” шуъба корхонасини ташкил этган эди. У шаҳарлар ҳаётини таъминлаш инфратузилмасини, жумладан, иссиқлик, электр энергияси, сув таъминоти ва тоза сувни модернизация қилишга, шу жумладан тузсизлантириш, сувни тозалаш ва сувни тозалаш бўйича ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган “ақлли шаҳар” лойиҳаларига раҳбарлик қилади.
Изоҳ (0)