Норвегия жанубидаги Hå Gamle Prestegard музейида сақланаётган, 8300 йил аввал мезолит даврида яшаган ўсмирнинг ташқи кўриниши реконструкция қилинди. Бу ҳақда Live Science нашри хабар берди.
Археологлар Норвегиянинг Рандаберг коммунасидаги ўрта тош даврига оид ғордан норвег тилида “Висталик бола” деган маънони англатувчи Вистегуттен тахаллусли ўсмирнинг қолдиқларини аниқлади. Тадқиқотчилар 15 ёшли боланинг бош суяги ғайриоддий экани, жумладан, бош суяги жуда эрта ўсганини маълум қилди.
Шунингдек, бош ён томонга эмас, орқага қараб ўсгани ўсмирда скафосефалия касаллиги аниқланганига ишора қилади. Олимлар боланинг бўйи 1,25 метрни ташкил этгани, бу ҳатто мезолит учун ҳам кичик ўсиш ҳисобланишини айтди. Боланинг суяк қолдиқлари унинг соғлом ва яхши овқатланганини кўрсатади.
Бундан ташқари, археологлар топилма жойида кўплаб ҳайвон қолдиқларини аниқланган, бу эса озиқ-овқатнинг етарли бўлганини кўрсатади. Воқеа жойида ошхона чиқиндилари, суяк безаклари ва балиқ овлаш қуроллари ҳам топилган. Бу ҳудудда қадимги одамлар яшаб, меҳнат қилганидан далолат беради.
Изоҳ (0)