Тошкентнинг Сергели туманида тез ёрдам ҳайдовчиси калтакланди. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, 27 февраль куни тахминан соат 03:30 ларда Сергели тумани, Сергели-4 даҳасида истиқомат қилувчи аёл А.А. “103” рақамига қўнғироқ қилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатиш бригадасини чақирган.
Чақирувга биноан етиб келган тез тиббий ёрдам хизмати фельдшери Х.О. хонадонга кириб аёлни бирламчи кўрикдан ўтказиш вақтида, унинг ёнида бўлган таниш эркак — 1990 йилда туғилган К.А. фельдшер гўёки аёлга яхши қарамаётганини билдириб, фельдшерга куч ишлатиш билан таҳдид қилган.
Фельдшер ундан қочиб кўчага чиққан вақтида тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси — 1970 йилда туғилган Т.С. фельдшер аёлни ҳимоя қилган. Шу вақтда К.А. жамоат тартибини бузиб, тез ёрдам ҳайдовчисини уриб, тан жароҳати етказган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, оқибатда жабрланган тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Текширувлар натижасида у бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши, бурун юмшоқ тўқималарининг лат ейиши дастлабки ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган.
Ҳозир бемор белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажаларни олмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Изоҳ (0)