Тошкент шаҳрида икки йигит телефон аксессуарлари билан савдо қилувчи дўконлардан бирини ўмаришга уринди, деб хабар беради пойтахт ИИББ ахборот хизмати.
Қайд этилишича, мазкур ҳодиса Чорсу бозори яқинида рўй берган. Юзларига ниқоб тақиб олган икки киши пичоқ билан қуролланган ҳолда дўконга бостириб кириб, унинг сотувчисидан пул талаб қилган. Шу вақт дўконга харидор кириб қолгани боис, гумонланувчилар воқеа жойидан яширинишга мажбур бўлган.
“Ў. телефон қилиб, қарзга пул сўради. Бу вақтда ўзимга ҳам пул керак эди, шунинг учун ундан менга ёрдам беришини сўрадим. Шу куни Чорсу бозори олдида кўришдик, пичоқ, ниқоблар ва қўлқоплар сотиб олдик”, — дейди қўлга олинган шахслардан бири.
Гумонланувчилар кузатув камералари ёрдамида қўлга олинган бўлиб, улардан бири Тошкентдаги ОТМларнинг бирида 1-босқичда ўқийди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-модда (босқинчилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)