Ўзбекистон Қуролли кучлари олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юрти фаолияти билан танишди.
Бу таълим муассасаси 1994 йилда Жиззахда ташкил этилган. Лекин у ерда бўлажак учувчилар амалиёт ўташи учун шароит етарли эмасди. Давлат раҳбари 2018 йилда Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аеродромида бўлганида ҳарбий учувчилар тайёрлашда ушбу аеродром имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар билдирганди. Шу асосида, олий ҳарбий авиасия билим юрти 2019 йилда Қарши шаҳрига кўчирилди. Ўқув ва машғулот бинолари замонавий тренажёрлар, ускуналар, ахборот технологиялари билан жиҳозланди.
Бу курсантларга Хонобод аэродромида ҳарбий ҳаво кемаларини бошқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар олиб бориш, бевосита ўқув полигонларида иштирок этиш имконини бермоқда. Парвозга тайёргарлик маркази ва ахборот-ресурс маркази, 4 та мутахассислик йўналишлари бўйича ўқув лабораториялари ҳарбий учувчиларнинг профессионаллик даражасини оширишга хизмат қилмоқда. 120 ўринли маданият маркази, 400 ўринли ётоқхона, ошхона, саф майдони ва спорт шаҳарчаси курсантлар ихтиёрида. Айни пайтда бу ерда 276 нафар курсант таълим олмоқда.
”Дарё“ мухбири мазкур авиация билим юртидан фоторепортаж тайёрлади.
Изоҳ (0)