Ўзбекистон Жиноят-ижроия кодексига киритилган ўзгартириш билан маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини аниқлаш мезонлари белгиланди.
Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтгани ушбу кодекснинг 102-1-моддасида назарда тутилган комиссия томонидан ҳар чорак якунларига кўра қуйидаги мезонлардан бири асосида белгиланади:
- маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шакллангани, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши;
- маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлишга интилиши;
- маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасида ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилгани, унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилмагани.
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилади ва маҳкумнинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади.
Комиссия томонидан тузалиш йўлига ўтмаган деб топилган маҳкумлар билан тарбиявий-профилактика ишлари муассаса психологини жалб этган ҳолда алоҳида режа асосида амалга оширилади.
Тузалиш йўлига ўтмаган деб топилган маҳкум комиссиянинг хулосаси устидан ушбу кодекснинг 107-моддасида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
Ўзбекистонда жазога маҳкум этилган шахслар етарлича қайта тарбияланмасдан туриб, жуда эрта озодликка чиқарилаётгани бундай шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммад Валиевнинг таъкидлашича, “судлар томонидан шахсларга қўлланаётган жазолар шахсларнинг ахлоқи тузалиши учун етарли бўлмаяпти. Бунинг устига, шахсларнинг муддатидан илгари шартли озод қилиниши ҳолатлари янги жиноятларни содир этиш учун йўл очяпти”.
Изоҳ (0)