ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ҳудудида радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотиш билан шуғулланиб келаётган шахслар қўлга олинди, деб хабар бермоқда Zarnews.
Андижон вилоятида туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан судланган фуқаро М.С., шериги Р.С., Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.О. ўзаро тил бириктирган ҳолда жиноий гуруҳ тузиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.
Маълум бўлишича, фуқаро Р.С. жиноий шериги М.С.нинг таклифига кўра, Андижон вилоятидаги танишидан, гўёки ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоактив ва заҳарли қурилмаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиб, ишончли харидор топилгунига қадар Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшаб келган.
Кейинчалик, М.С. Самарқанд шаҳридаги таниши Ж.О. орқали мазкур мосламаларни умумий ҳисобда 1 миллион доллар эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, олдиндан 200 минг доллар талаб қилган.
Натижада мазкур шахслар таркибида 1 кило симоб кимёвий моддаси мавжуд бўлган қўлбола усулдаги қурилмани 200 минг доллар эвазига маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)