Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида наркокурерларни “самосуд” қилиб келган гуруҳ ушланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, гуруҳ раҳбарлари ўғрилик қилган ёки бошлиғини ҳақоратлаган ишчиларнинг “ақлини киритиб қўйиш” учун муштумзўр йигитларни ёллаган.
Ҳар бир калтакланган “закладчик” учун 300—500 долларгача ваъда қилинган. Бу пуллар эса иш бажарилгач, видеофакт кўрилиб, шундан сўнг ижрочиларнинг картасига ташлаб берилган.
“Мени чатга қўшишди. У ерда спортик деган вакансия бор экан, шунга ишга кирдим. Бу иш ўрнидаги вазифа ”закладчик“ларни тутиб уришдан иборат эди. Бизга 6 кишини уриш бўйича буюртма беришганди”, — дейди айбланувчилардан бири.
Шунингдек, йигитлардан бири бошқаларни дўппослашни хоҳламгани сабабли пойлоқчилик вазифасини бажарган. Бошқаси эса “закладчик”ларни дўппослаб, юзига “зелёнка” сепгани учун 400 минг сўм олганини айтган. Улардан наркодўкондан узр сўраш ҳам талаб қилинган.
Тошкент шаҳри ИИBB терговчиси Муҳаммадкарим Маткаримовнинг таъкидлашича, ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик), 277-моддаси (безорилик), 130 прим 1-моддаси (зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) айб эълон қилиниб, судга тақдим қилинган.
Изоҳ (0)