Молдова президенти Майя Санду Россия Беларусь, Сербия ва Черногория фуқароларини жалб қилган ҳолда Молдовадаги ҳукумат биноларига ҳужум қилишни ва ҳокимиятни ўзгартиришни режалаштираётганини айтди. Бу ҳақда Newsмакер хабар берди.
“Молдовага ҳужумлар тайёрланмоқда. Яқин келажакдаги режалар ҳарбий тайёргарликдан ўтган диверсантлар иштирокидаги ҳаракатларни ўз ичига олади, улар баъзи ҳукумат биноларига ҳужум қилиб, одамларни гаровга олади”, — деди Санду.
Молдова президенти сўзларига кўра, бу ҳужумлар мухолифат томонидан “конститусиявий тузум”ни ағдариб ташлаш ва мамлакат устидан назоратни Россияга бериш мақсадида тайёрланмоқда.
У мухолифат намойишлари ёрдамида Россия Молдовада давлат тўнтаришини амалга ошириш ва Кишинёвда ҳукуматни ўзгартириш ниятидалигини айтди.
“Украиналик ҳамкорларимиздан олинган ҳужжатларда ушбу қўпорувчилик фаолиятини ташкил этиш жойлари ва логистика жиҳатлари кўрсатилган. Режада зўравонлик ҳаракатларида хорижликлардан фойдаланиш ҳам кўзда тутилган. Масалан, материалларда Россия, Беларусь, Сербия ва Черногория фуқаролари учун Молдовага кириш қоидалари бўйича кўрсатмалар мавжуд”, — деди Санду.
Унинг таъкидлашича, давлат хавфсизлик идоралари ушбу провокасияларнинг олдини олиш ва вазиятни назорат остида ушлаб туриш устида ишламоқда.
Изоҳ (0)