Зилзилалар натижасида жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Туркиянинг Газиантеп шаҳрига Ўзбекистондан қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи етказилди.
ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, бортда умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бир қаторда, навбатдаги гуманитар ёрдам партияси ҳам етказилди.
Жабрланганларга ёрдам бериш учун Мудофаа вазирлиги тиббиёт отрядининг 50 нафар ходими хизмат қиладиган бир гектарга тенг майдонда тўққизта алоҳида бўлинма бўлган кўчма касалхона мажмуасини жойлаштириш режалаштирилган.
Мазкур дала шифохонаси Ўзбекистондан барча зарур тиббий техника ва дори-дармонлар билан тўлиқ жиҳозланган бўлади.
7 февраль куни Туркия халқига зилзила оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистондан иккита самолёт Адана ва Газиантеп шаҳарларига гуманитар ёрдам ҳамда қутқарувчилар гуруҳини етказганди.
Изоҳ (0)