Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги “Эзгулик” маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, бу ерда 26 та кўп қаватли уй бор, 6 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Президент маҳалла вакилларидан ҳол-аҳвол сўраган. Нуронийлар ўтган совуқ кунларда фуқароларнинг ва давлат идоралари хизматчиларининг бирлиги билан қийинчилик ортда қолдирилганини айтган. Энергетика ва коммунал хизматлар 24 соат давомида ишлаган, тезкор чоралар кўриб борилган. Хусусан, маҳалладаги трансформатор ҳам янгиланган.
“Бу бизга сабоқ бўлиши керак. Энергетикада 3-4 карра кўпроқ захира яратишимиз зарур. Шунинг учун қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга эътибор беряпмиз. У — муқобил, ишончли ва экологик тоза”, — дейди давлат раҳбари.
“Нуронийлар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуо қилди”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)