Ангреннинг “Беруний” МФЙда жойлашган уй молхонасидан 19 ёшли қизнинг жасади топилди. Бу ҳақда “Дарё”га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2004 йилда туғилган қиз Р.Н. 28 январь куни соат тахминан 18:30 ларда уйининг молхона тўсинига мато билан ўзини ўзи осиб, жонига қасд қилган. Мазкур ҳолат юзасидан марҳуманинг яқинлари ва бошқа тегишли шахслардан тушунтириш хатлари олиниб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Зўравонликка қарши курашувчи “Немолчи.уз” лойиҳасининг ёзишича, қизни шаҳар Миллий гвардиясида ишловчи йигит шантаж қилган. Қиз у билан учрашишга келмаса, аллақандай фотосуратларини тарқатиб юбориш билан қўрқитган.
Миллий гвардия матбуот хизмати ҳозирда Миллий гвардия ходими билан боғлиқ келтирилган маълумотлар тасдиқланмаганини, суриштирув якунлари бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)