Туризм Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири. Ўтган олти йил давомида соҳада яхши ўзгаришлар қилинди. Бироқ олдинда туризмни идеал даражада ривожлантириш учун бажариладиган ишлар талайгина.
Сайёҳлар сони ва хизматлар экспорти
Ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йилда республикага кириб келган сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан 3,3 бараварга ошган. Ўша йили қарийб 6,7 миллион нафар турист Ўзбекистонда саёҳат қилган. Бунинг натижасида 1,6 миллиард долларлик туристик хизматлар экспорти амалга оширилган. Мазкур кўрсаткич 2016 йилда 430,7 миллион долларга тенг бўлган.
Маданият ва туризм вазирлигининг “Дарё”га маълум қилишича, 2020 йилда мамлакатга 7 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташрифи кутилганди. Бироқ, оғир пандемия шароитида барча соҳалар қатори туризм ҳам қаттиқ зарбага учради, сайёҳлар сони сезиларли даражага камайди. Яъни 2020 йилда республикага 1,5 миллион нафар сайёҳ келган, 261 миллион долларлик туризм хизматлари экспорт қилинган.
2021 йилда Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ – 1,9 миллион нафар хорижий сайёҳлар келган ва 422,1 миллион долларлик туризм хизматлари экспорт қилинган.
2022 йилда туристлар сони яна кескин ўсиб, қарийб 5,2 миллион нафар хорижий сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюрди ва кўрсаткичлар 2017 йилга (2,7 миллион нафар) нисбатан 1,9 бараварга ўсди. Ўтган йили туризм хизматлари экспорти ҳажми ҳам ошиб, 1,6 млрд долларга етган (2017 йилда 531 миллион доллар бўлган).
2022 йилда ички саёҳат қилувчилар сони ҳам 2017 йилга нисбатан (10,5 миллион нафар) 107 фоизга ўсиб, 11,3 миллион нафарни ташкил қилди.
2023 йилда республикага 2020 йилда кутилганидек, 7 миллион нафар турист келиши ва 2 миллиард долларлик хизматлар экспорт қилиниши кутилмоқда. Пандемиянинг салбий таъсирида кутилмалар ва ўсиш кўрсаткичлари уч йилга кечикди дейиш мумкин.
Инвестицион ҳолат
Вазирлик ахборотида туризмга жалб қилинаётган инвестициялар улуши ортаётгани ҳам келтирилган. Жумладан, 2021 йилда соҳада инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 11,4 триллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, 495 та лойиҳа амалга оширилган.
Давлат инвестиция дастури асосида маҳаллий ҳокимликлар билан бирга 1,2 миллиард долларлик 62 та лойиҳадан 562,7 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 31 та лойиҳа ишга туширилган.
2022 йил якунига қадар, туризм соҳасида жами қиймати 21,6 триллион сўмлик 727 та лойиҳалар ишга туширилиб, тармоқда қўшимча 22 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилган.
Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ҳамда рақобатбардош хизматларни йўлга қўйишга берилган эътибор натижасида туризм бозорига Hilton, Marriott, Hyatt, Wyndham, InterContinental Hotels Group ва Accor каби етакчи меҳмонхона брендлари кириб келмоқда. Улар нафақат Тошкент, балки, Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларига ҳам қизиқиш билдириб, ўз фаолиятларини ташкил қилмоқда.
Ўзбекистон президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-72-сонли қарори билан тасдиқланган “Инвестиция дастури”га хизматлар соҳасида қиймати 6 миллиард 217 миллион 900 минг доллар бўлган 144 та лойиҳа киритилган. Шундан 3 миллиард доллари (78 та лойиҳа) туризм ва маданий мерос соҳаларига тўғри келади.
Ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ташаббуслари билан жами қиймати 10,5 триллион сўм бўлган 689 та лойиҳа амалга оширилиши ва 17 минг 426 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Вазирлик ахборотига қараганда, республикада 2022 йил 1 июль ҳолатига қиймати 5,7 триллион сўм бўлган 378 та лойиҳа амалга оширилди ва натижада 9 минг 584 та янги иш ўринлари яратилди
Туризм инфратузилмаси ва тадбиркорлик
Маданият ва туризм вазирлиги берган маълумотларга кўра, республикада 2018—2022 йиллар давомида жами 6 минг 788 та янги санитария-гигиена шохобчаси фойдаланишга топширилди. Автомобильларга ёқилғи қуйиш станцияларининг санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланиш кўрсаткичи 20 фоиздан 96,9 фоизга етказилди.
Туризм объектларида 3 минг 652 та Wi-Fi нуқталари ташкил этилди, 1 минг 901 та йўл кўрсаткичлар ўрнатилди, 132 та ахборот марказлари барпо қилинди. 440 та янги туризм объектлари ўрганилиб, ушбу объектларнинг 250 таси туризм маршрутларига киритилди.
Бундан ташқари, туризм объектлари атрофидаги ер майдонларини ободонлаштириш, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш мақсадида республика бюджети маблағларидан 1 триллион сўм ажратилди.
Соҳада хорижий ва маҳаллий сайёҳларга жойлаштириш хизматини кўрсатувчи тадбиркорликни ривожлантириш муҳим ҳисобланади.
2016 йилда Ўзбекистондаги жойлаштириш воситалари сони 609 тани ташкил этган. 2022 йил июлдаги кўрсаткичларни 2016 йил натижалари билан таққосланса, жойлаштириш воситалари сони 2,6 бараварга ошгани ва уларн 1 минг 579 тага етгани маълум бўлади. Жойлаштириш воситалари 2017 йилда 767 та, 2018 йилда 914 та, 2019 йилда 1 минг 188 та, 2020 йилда 1 минг 308 та, 2021 йилда 1 минг 442 тани ташкил этган.
2022 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, республикада 61 та янги меҳмонхона ва 122 та хостеллар фаолияти йўлга қўйилди.
Маҳалла фуқаролари йиғинлари, тоғли ва олис қишлоқларда маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш ва мақбул нархлардаги жойлаштириш воситаларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида жойларда оилавий меҳмон уйлари ташкил қилинмоқда.
2018 йилда 106 та оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилган бўлса, 2022 йилнинг 1 июлига келиб, уларнинг сони 2 минг 667 тага етди. Шундан 223 таси 2022 йилнинг ўзида фойдаланишга топширилган.
Ўзбекистонда 2016 йилда туристик ташкилотлар сони 484 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 июль ҳолатига уларнинг сони 1 минг 604 тага етди. Шундан 2022 йил давомида 112 та янги туристик ташкилотлар иш бошлади ва 350 га яқин янги иш ўрни ташкил қилинди.
Туризм соҳасига гидларни тайёрлаш йўналишида ҳам ижобий натижалар кузатилмоқда. Жумладан, 2018 йилда гидлар 574 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 июль ҳолатига уларнинг сони 2,4 минг нафарга ташкил қилади.
Соҳада тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 100 га солиқ ва божхона имтиёзлари, харажатлар ва кредитларни бир қисмини қоплаш, субсидия ҳамда грантлар бериш, фоизсиз ссудалар кўринишида давлат томонидан қўшимча кўмак ва преференсиялар берилди.
Ёшларни туризм соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йилнинг август ойидан бошлаб, туроператорлик фаолиятларни йўлга қўйишлари учун 50 миллион сўмдан грант маблағлари берилмоқда.
Ўзбекистонда 91 та хорижий мамлакат учун визасиз режим тадбиқ этилгани ҳам сайёҳлик ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2018 йил 15 июлдан электрон кириш визаларини бериш тизими йўлга қўйилди ва бу тизимдан 57 та давлат фуқаролари фойдаланиш имкониятига эга бўлди ҳамда 101 мамлакат фуқаролари учун визасиз транзит режими жорий этилди.
Шу билан бирга, хорижий сайёҳларга бир қатор қулайликлар яратилди. Халқаро аэропортларда “яшил” ва “қизил” йўлак тизими йўлга қўйилди, ташриф буюрувчилар аэропортдан ўртача ҳисобда 2-3 соатда чиқиб кетиш вақти 15-20 дақиқада амалга ошириладиган тизим яратилди.
Мамлакатга ташриф буюрган сайёҳларни рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида хорижий фуқароларни рўйхатдан ўтказиш тартиби бутунлай электрон шаклга ўтказилди (е-меҳмон тизими).
Буларнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон ўтган йил мобайнида New York Times (АҚШ) ва Gardian (Буюк Британия) нашрларининг рейтингларида “Дунёнинг туризм бўйича энг оммабоп мамлакати”, Wegoplace саёҳатчилар портали томонидан “Дунёнинг энг хавфсиз 5 мамлакатидан бири” ҳамда CrescentRating (Сингапур) ва Mastercard ташкилотлари томонидан “Дунёнинг зиёрат туризми бўйича энг оммабоп 10 та мамлакатидан бири” сифатида юқори ўринларда эътироф этилди.
Зиёрат туризми
Бугун туризм йўналишлари қаторида зиёрат туризми алоҳида ўринга эга. Ўзбекистонда мазкур йўналишда ҳам яхши натижаларга эришилмоқда.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 2019 йилда республикага ташриф буюрган 6,7 миллион нафар хорижий сайёҳларнинг 88 фоизи мусулмон мамлакатлари ҳиссасига тўғри келди.
2018 йилда узоқ хориж давлатларидан 325 минг 827 нафар сайёҳ Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилган ва уларнинг 35 фоизи, яъни 115 минг 621 нафари мусулмон сайёҳлар бўлган. 2019 йилда мусулмон сайёҳлар сони жами узоқ хориж мамлакатларидан келган сайёҳлар сонига нисбатан 34 фоизни ташкил қилган.
2021 йил 9 февралдаги президент фармонига кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон султонлиги фуқаролари 10 кунгача визасиз режим тизими орқали Ўзбекистонда саёҳат қилиш имкониятига эга бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари бўлса, шулардан 200 тадан ортиғи UNESКОнинг Жаҳон маданий меъроси рўйхатидан ўрин олган.
Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам тан олиняпти. Масалан, 2007 йилда Тошкент шаҳри, 2020 йилда Бухоро шаҳри Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилинган.
2019 йилнинг 21—23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган “I Халқаро зиёрат туризми форуми”да Ўзбекистонни зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисида “Бухоро декларацияси” қабул қилинган.
Mastercard ва CrescentRating ташкилотлари томонидан тузилган “Жаҳон мусулмон саёҳати индекси 2019” халқаро рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёда мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган мамлакатлар йигирматалигига кирди.
Шу билан бирга, республика Halal Travel Frontier 2020 ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилган.
Исломбек Умаралиев
Изоҳ (0)