Ўзбекистонда тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланиши кутилмоқда.
Шу мақсадда Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Тегишли ўзгаришлар кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Депутатларнинг қайд этишича, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларига қарши самарали ишлар олиб борилмоқда. Лекин Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун жавобгарлик белгиланмаган.
Шу жиҳатдан, қонун лойиҳаси билан тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатлари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш мақсадида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга имкон яратади.
Изоҳ (0)