Жанубий кореялик аскар Шимолий Корея билан чегара яқинида ўтказилаётган машғулот чоғида адашиб пулемётдан ўт очди, деб хабар бермоқда Yonhap агентлиги. Ҳарбийлар зудлик билан КХДРга хабар йўллаб, отишма қасддан қилинмаганини айтган.
Шарқий Гангвондо провинциясида машғулот ўтаётган аскар пулемётдан жами тўртта ўқ узган. Аслида машғулотлар давомида ўт очиш ҳам режалаштирилмаганди. Ҳарбий қисм отишма тасодифан юз бергани ҳақида Шимолий Кореяга радио орқали бир неча бор маълум қилган, сўнгра фавқулодда вазиятга тайёргарлик ҳолатини кучайтирган.
“Ҳозирча Шимолий Корея томонидан ҳеч қандай ноодатий ҳаракат белгиси кўринмади, ҳодисанинг аниқ ҳолатлари ўрганилмоқда”, — деди ҳарбий бўлинма вакили.
2020 йилнинг май ойида КХДР томондан отилган камида тўртта ўқ демилитаризация қилинган ҳудуднинг марказий қисмидаги Жанубий Корея қўриқлаш постига тегган эди (талафотлар қайд этилмаган). Натижада Жанубий Корея ҳарбийлари жавоб ўқларини узган. Бу мамлакатлар ўртасидаги кўп йиллик тинчликдан сўнг биринчи тўқнашув бўлган.
Изоҳ (0)