Шимолий Корея ҳукумати нафас йўллари касалликлари билан оғриш ҳолати кўпайиб бораётгани сабабли Пхенян аҳолиси учун беш кунлик карантин жорий этишни буюрди. Бу ҳақда NK News КХДР ҳукуматининг расмий баёнотига таяниб хабар бермоқда.
Нашр хабарига кўра, Шимолий Корея пойтахтида чоршанбадан якшанбага қадар (25—29 январь) карантин жорий қилинган.
Ҳукумат хабарномасида карантинга сабаб сифатида нафас йўллари касалликлари, жумладан, шамоллаш кўрсатилган. COVID-19 ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.
NK News хабар беришича, Пхенян аҳолиси якшанба куни охиригача уйда қолиши ва ҳар куни бир неча марта ҳароратини ўлчаши керак.
Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари янги чоралар ҳақида ҳали эълон қилмади.
КХДР расмийлари биринчи марта 2022 йил май ойида мамлакат фуқароси коронавирус билан касаллангани ҳақида хабар берганди. Июль ойи охиригача бўлган уч ой ичида мамлакатда 4,77 миллиондан ортиқ одам коронавирус билан касалланган, ўшанда Пхенян касалланиш ҳолатининг кўпайишига Жанубий Кореядан “вирусли” ҳаво шарлари учиб келаётганини сабаб қилиб кўрсатган. Август ойида шифокорлар бирорта ҳам касаллик қайд этмади. 11 август куни КХДР раҳбари инфекция устидан ғалаба қозонганини эълон қилди.
Январь ойининг иккинчи ярмида Шимолий Кореяда ҳужжатли фильм намойиш этилди, унда коронавирусга қарши курашнинг натижаси “сайёрадаги мўжиза” ва мамлакат тарихида “мисли кўрилмаган воқеа” деб аталган.
Изоҳ (0)