Twitter Илон Маск томонидан сотиб олинганидан сўнг компания ходимларининг қарийб 80 фоизи ишдан бўшатилган ёки ўз хоҳиши билан тарк этган. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда компаниянинг тўлиқ штатдаги ходимлари сони қарийб 1,3 минг кишини ташкил этмоқда.
Компанияни тарк этган муҳандиснинг сўзларига кўра, ишчиларнинг бундай йўқотилиши ва ходимларнинг қисқартирилиши хизмат сифатини сақлаб қолишни қийинлаштириши мумкин.
Маскнинг раҳбарлиги остида Twitter оммавий ишдан бўшатиш орқали ходимлар сонини қисқартирди. Айрим ходимлар эса сиёсатдаги катта ўзгаришлардан кейин кетишга мажбур бўлди.
19 январь куни хабар берилишича, Илон Маск инкор этаётганига қарамай, Twitter’да ходимларни ишдан бўшатиш жараёни кучайиб бормоқда.
Қайд этилишича, икки ҳафта олдин реклама ва монетизацияга масъул бўлган ўнлаб ходимлар компанияни тарк этишга мажбур бўлган.
Маск Twitter’нинг АҚШдаги кўплаб халқаро ваколатхоналари ва бир қанча бўлимларини ёпишни режалаштирмоқда. Бу эса компания ходимларининг 2 000 кишигача қисқаришига олиб келиши мумкин, бу сўнгги 10 йилдаги рекорд кўрсаткичдир.
Илон Маск Twitter’ни сотиб олиш бўйича келишувни 27 октябрь куни якунлаб, компания учун 44 миллиард доллар тўлаган.
Шундан сўнг тадбиркор ижтимоий тармоқ ходимларининг ярмига яқинини ишдан бўшатди, қолганларни эса юқори интенсивлик билан ишлаш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.
ОАВ хабарларига кўра, ушбу воқеалар фонида платформа фаолиятини сақлаб қолиш учун муҳим бўлган кўплаб ходимлар Twitter’ни тарк этган.
Изоҳ (0)