Azur Air авиакомпаниясининг Ўзбекистонга йўналтирилган самолёти бортида хавфли моддалар ва портловчи қурилмалар аниқланмади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар бермоқда.
Самолёт Термиз халқаро аэропорти хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан кўздан кечирилган.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Azur Air авиакомпаниясининг Москвадан Гоага учаётган авиарейси ҳаво кемасига мина жойлаштирилгани ҳақидаги хабарлар туфайли, Ўзбекистонга қайта йўналтирилган эди.
Flightradar24 маълумотларига кўра, у Пермдан учиб чиққан, якуний манзил эса Ҳиндистоннинг Гоа штати бўлиши керак эди.
Ҳиндистоннинг Даболим аэропорти директори ҳаво кемаси портлаб кетиши хавфи мавжудлиги ҳақида электрон хат олган. Бортда 247 киши, шу жумладан, етти нафар экипаж аъзоси бўлган.
Бу Azur Air компаниясининг Москва — Гоа йўналишидаги рейсига мина жойлаштирилгани ҳақида хабар келиб тушиши билан боғлиқ сўнгги бир ой ичидаги иккинчи ҳолатдир. 9 январь куни Москвадан Гоага учаётган Azur Air самолёти мина ҳақидаги хабарлар туфайли Ҳиндистоннинг Гужарат штатига қўнганди. Борт кўздан кечирилганида портловчи моддалар ва шубҳали буюмлар топилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни Россиянинг Москва — Бангкок йўналишидаги рейсни амалга ошираётган «Аэрофлот» авиакомпанияси самолёти шошилинч равишда Самарқандга қўнган, бунга ҳомиладор аёлнинг саломатлиги ёмонлашгани, шунингдек, бортда юзага келган жанжал сабаб бўлган эди.
18 январь куни эса «Аэрофлот» компанияси самолёти Москвадан Гоага учаётган вақтида Урганчга қўндирилди. АFL236 йўловчи рейси Гоа йўналиши бўйича учаётган вақтда маст ҳолатда зўравонлик қилган йўловчи сабаб Урганч халқаро аэропортидаги муқобил аэродромга келиб қўнган.
Изоҳ (0)