Бизнес раҳбарлари орасидаги ашаддий меҳнаткашлар сони бўйича Франция биринчи ўринни эгаллади, деб ёзади Bloomberg Bupa Global тиббий суғурта компанияси тадқиқотларига таяниб.
Франциядаги бизнес раҳбарларининг ўнтасидан тўрт нафари узоқ вақт давомида мунтазам танаффусларсиз зўр бериб ишлашини айтган, бу эса дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада ортиқроқ, дейилади тадқиқотда.
Бундан ташқари, франциялик раҳбарлар ўз ишининг натижалари юзасидан энг кўп хавотир олган. Тадқиқот муаллифлари аниқлашича, французларнинг ўз ташкилотлари ҳозирги иқтисодий беқарорликка дош бериш қобилияти юзасидан хавотирлари ҳамда масофадан ишлашни истамаслиги уларнинг бутун дунё бўйича ўз ҳамкасбларига нисбатан меҳнатсеварликка кўпроқ мойиллигига сабаб бўлган.
«Ташқи иқтисодий босим ва масъулиятни ўз зиммасига олишга мойилликнинг бундай уйғунлиги франциялик раҳбарлар энг меҳнатсевар бўлиб чиқишига олиб келган бўлиши мумкин», — деди Bupa Global бошқарув директори Энтони Кабрелли.
Меҳнатсеварлар сони бўйича рейтингда иккинчи ўринни БАА, учинчи ўринни эса Миср эгаллади. Улардан кейинда Гонконг, Хитой, Буюк Британия, АҚШ ва Сингапур жойлашди.
Сўровнома маълумотларига кўра, ашаддий меҳнаткашлик масофадан ишлаганларга нисбатан, офисда тўлиқ иш куни ишлаган раҳбарлар орасида кўпроқ тарқалган.
2017 йилда Франция «ишдан узилиш ҳуқуқи» ҳақидаги қонунни кучга киритган биринчи Европа мамлакатига айланган эди, бу ташкилотлардан маълум бир соатлардан кейин иш жойида электрон почта ва қўнғироқларни тақиқлашни талаб этади.
Bupa Global сўрови ўтган йилнинг август ва сентябрь ойларида саккизта ҳудуддаги 2439 нафар респондентлар орасида ўтказилган.
Изоҳ (0)