Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз фармони билан еттинчи чақириқ парламент қуйи палатаси (мажлис)ни тарқатиб юборди ҳамда 2023 йил 19 март кунига навбатдан ташқари депутатлар сайловини белгилади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти сайтида хабар берилди. Шунингдек, ҳукуматнинг барча ҳудудий вакиллари — маслаҳатлар тарқатиб юборилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев навбатдан ташқари сайловлар ўтказиш конституциявий ислоҳотни амалга ошириш доирасида зарурлигини айтди.
«Энди Мажлис депутатларининг 70 фоизи партия рўйхатлари бўйича, 30 фоизи эса бир мандатли округлар бўйича сайланади. Вилоятлар ва республика аҳамиятига эга шаҳарлар маслаҳатларига сайловлар ҳам аралаш сайлов тизимига кўра, 50 га 50 нисбатида бўлиб ўтади. Туманлар ва вилоят аҳамиятига эга шаҳарларда эса фуқаролар фақат бир мандатли округлар бўйича номзодларга овоз беради», — дейилади Қозоғистон президентига сайтига жойланган баёнотда.
Шунингдек, ислоҳот доирасида сиёсий партияларни рўйхатга олиш жараёни ҳам соддалаштирилди. Рўйхатдан ўтиш учун аъзолар сони 20 мингдан 5 минг кишигача пасайтирилди, минтақавий ҳукумат вакилларининг минимал сони эса 600 дан 200 кишигача қисқартирилди.
Дастлаб мажлисга сайловлар 2025 йилда бўлиб ўтиши кўзда тутилганди. Муддатидан олдинги сайловлар ғоясини Тўқаев ўтган йили, конституцияга тузатишлар ҳақидаги референдумдан кейин баён қилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 5 июнь куни Қозоғистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича республика референдуми бўлиб ўтди. Сайлов бюллетенида фақат битта савол бор эди: «Қозоғистон Республикаси конституциясига ‘Қозоғистон Республикаси конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаъги қонун лойиҳасида белгиланган ўзгартириш ва қўшимчаларни қабул қиласизми? (жами 56 та ўзгартиш референдумга тақдим этилган)».
8 июнь куни эса Қозоғистон конституциясига 5 июнь кунги референдумда мамлакат фуқаролари томонидан қўллаб-қувватланган ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирди.
Мавзуга доир: Тўқаев Қозоғистондаги референдумни мамлакат учун бурилиш лаҳзаси деб атади
Изоҳ (0)