Россия президенти Владимир Путинни ва Россиянинг Украинага бостириб киришини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаган парламент депутати Азамат Абилдаев «Ақ жол» партиясидан четлаштирилди. Бу ҳақда «KazTag» хабар берди.
«Миллий кенгаш қарорига кўра, Абилдаевни ‘Ақ Жол’ демократик партиясидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу муносабат билан ‘Ақ жол’ партияси Марказий сайлов комиссиясига Абилдаевнинг депутатлик ваколатини тугатиш тўғрисида хат юборди», — дейилади партия баёнотида.
Таъкидланишича, Абилдаев Озодлик радиосига берган интервьюсида Путин ва Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлашини айтган. Унинг фикрича, Украина етакчилари «нацистлар», украин халқи эса ёзгача президент Владимир Зеленскийни қўлга олиб, судга беради.
Партия раиси Азат Перуашев Абилдаевнинг сўзлари «Ақ Жол» партияси позициясига, партиявий ва депутатлик этикасига зид эканини таъкидлади. Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ҳамиша қўллаб-қувватланиб келинганини билдирди.
Изоҳ (0)