Бухоро вилоят прокуратураси, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва «Ўзнефтгазинспекция» мутахассислари ҳамкорлигида вилоятдаги метан қуйиш шохобчалари ўрганилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, «Д.А.» МЧЖга қарашли 2 та шохобча ва «О.Б.Г.» МЧЖга қарашли 1 та шохобчага келган табиий газ қувурларига ўрнатилган газ ҳисоблаш ускуналари текширилганда, газ ҳисоблагич ускунасидаги мавжуд имплюс трубкасига ўрнатилган тамғани газ маҳсулотлари қувурларида ўғирлик қилиш мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқа тамғага алмаштириб, имплюс трубкаси маҳкамлангани аниқланган. Газ ҳаракати пасайиши натижасида ҳисоблагич диафрагмасидан ўтаётган газ ҳажмининг сунъий равишда камайтирилган ҳолда кўрсатилишига эришилган.
Бунинг оқибатида «Д.Д.» МЧЖга қарашли 2 та шохобча томонидан 11,1 млрд сўмлик ҳамда «О.Б.Г.» МЧЖга қарашли шохобча томонидан 15,1 млрд сўмлик, жами 26,2 млрд сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилиниб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 207-модда 1-қисми ҳамда «Д.Д.» МЧЖ ва «О.Б.Г.» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши доирасида 4 нафар шахс айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари Бухоро вилоят прокуратураси томонидан ўтказилмоқда. Терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.
Изоҳ (0)