Украина ўз иттифоқдошларидан оғир қурол-яроғ қабул қилишни бошлаб юборди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг офиси раҳбари Андрей Ермак ўз Telegram-каналида ёзди.
Унинг таъкидлашича, Украина қўшинларига ғолиб чиқиш учун қўшимча техника керак. У Украинанинг иттифоқдошлари бундан кейин ҳам уни «имкони бўлган барча усулларда» қўллаб-қувватлашига ишонч билдирди.
Киев қайси мамлакатлардан айнан қандай қурол-яроғ олганига Ермак аниқлик киритмади.
Аввалроқ Польша ва Финляндия халқаро коалиция доирасида Украинага Леопард танкларини беришга розилигини маълум қилганди. NYT маълумотларига кўра, Европада ҳозир турли модификацияли қарийб 2 мингта Леопард мавжуд. Бироқ Германияда ишлаб чиқарилган танкларни ушбу мамлакат розилигисиз тақдим этиш мумкин эмас. Берлин ҳозирча бу масалада қарор қабул қилгани йўқ. Bloomberg маълумотларига кўра, Германия ҳукумати, катта эҳтимол билан, етказиб беришни келаси ҳафта маъқуллайди.
FT Буюк Британия Украинага ўзининг Challenger танкларини етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилганди. Агар Лондон шундай қарор қабул қилса, Американинг М1 Abrams ҳамда Leopard танклари ҳам тақдим этилиши мумкин. Берлин Украинага танкларни ёлғиз ўзи етказиб бермаслиги ҳақида кўп марта айтиб ўтган.
Изоҳ (0)