Россиянинг Москва — Бангкок йўналишидаги рейсни амалга ошираётган «Аэрофлот» авиакомпанияси самолёти шошилинч равишда Самарқандга қўнди, бунга бир аёлнинг саломатлиги ёмонлашгани сабаб бўлди, деб ёзади «РБК» компания матбуот хизматига таяниб.
Самолёт қўнганидан кейин йўловчи аёл шифокорлар қўлига топширилган. Ўзбекистон аэропортлари матбуот хизматига кўра, фавқулодда қўнишга ҳомиладор аёлда бевақт тўлғоқ бошлангани сабаб бўлган.
Шунингдек, рейс чоғида икки йўловчи ўртасида зиддият ҳам юзага келган, улар Самарқанд аэропортида ҳуқуқ-тартибот органларига берилган. Бортда 364 нафар йўловчи бўлган.
Baza Telegram-канали ёзишича, йўловчилардан бири стюардессадан «алоҳида муносабат»да бўлишни талаб қилган, рад жавоби олгач, уни итариб юборган.
Эркакнинг танобини тортиб қўйишган, аммо тўполон туфайли ҳомиладор аёлнинг мазаси қочган. Mash маълумотларига кўра, безори ўзини Красноярск губернатори Александр Усснинг ўғли деб таништирган (айни пайтда Артём Усс Италия қамоқхонасида сақланмоқда).
«Аэрофлот» вакили сўзларига кўра, самолётни рейсни давом эттириш учун тайёрлаш вақтида пайдо бўлган техник сабабларга кўра, ҳаво кемасини парвозни амалга оширишни давом эттиришдан четлатишга қарор қилинган. Одамларни Москвага етказиш учун камроқ сиғимли иккита захира самолёти қўлланилган. Йўловчиларнинг бир қисми «Аэрофлот»нинг Самарқанд—Москва мунтазам рейсига ўтказилган.
Изоҳ (0)