Россиянинг Пенза вилоятида коронавирус омикрон штаммининг «кракен» деб номланган субварианти — XBB.1.5 билан касалланиш бўйича биринчи ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда «Роспотребнадзор» (Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати) маълум қилди.
«Kraken»га чалиниш ҳолати SARS-CoV-2 геномлари кетма-кетлиги бўйича маълумотлар мониторинги доирасида қайд этилган, дейилади хабарда. Муассаса Россияда омикрон штаммининг кўплаб турлари мавжудлигини, аммо БА.5 субварианти доминант бўлиб қолаётганини таъкидлади.
«Kraken» коронавируснинг янги субварианти. Маълумотларга кўра, у жуда юқумли, аммо касалликнинг кечиши енгил деб баҳоланмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти XBB.1.5 субварианти ковид билан касалланишлар кўпайишига олиб келиши мумкин, деб ҳисобламоқда. «Ўзининг генетик хусусиятлари ва тез тарқалишидан келиб чиқиб, XBB.1.5 касалланишлар сони ошишига ҳисса қўшиши мумкин», — деб таъкидлаган ЖССТ январь ойи бошида, асосан, Қўшма Штатлардан олинган маълумотларга асосланиб.
Изоҳ (0)