Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима қоғозлари келаётгани сабаб видеомурожаат билан чиққанди. Пойтахт ИИББ матбуот хизмати ушбу видеомурожаат юзасидан терговга қадар текширув бошланганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видеомурожаатда ҳайдовчилар чақирув бўйича ҳаракатланган вақтида йўл қўйилган қоидабузарликлар, хусусан, тезликни ошириш, «полоса»ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетганлик учун жарима қоғозлари келаётганидан шикоят қилинганди.
Мазкур ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида 10 январь куни Тошкент шаҳри бўйича тез тиббий ёрдам хизмати гаражида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Республика тез тиббий ёрдам маркази раҳбарияти ва йўл ҳаракати хавфсизлиги масъуллари ҳам иштирок этган.
Республика тез тиббий ёрдам маркази раҳбари Абдувоитжон Ғафуров Тошкент шаҳри бўйича тез тиббий ёрдам хизмати автопаркидаги техник ходим ўз вазифасини юклаб қўйгани ортидан эътирозлар юзага келганини таъкидлаб ўтган. «Ходим жарима қоғозларини таҳлил қилиб, ёпиши керак, сизларнинг қўлингизга тутқазиши керак эмас. Агар ишдан ташқари вақтда қоида бузган бўлсангиз, унда жавобгарликка тортиласиз», — деган у матбуот анжуманида қатнашган тез ёрдам ҳайдовчиларига қарата.
Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчилари томонидан чиқарилган видеомурожаат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Текширув жараёнида ҳар бир иштирокчидан тушунтириш хатлари олинган, уларнинг важлари тўлиқ текширилиб, ҳолат ҳар тарафлама ўрганилади.
Терговга қадар текширув якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Изоҳ (0)