Наманган ва Навоий вилоятларида акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ва Божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Кармана туман «Оқтош» ЙПХ масканида Isuzu юк автотранспорт воситаси ҳамда Yutong автобуси тўхтатилиб кўздан кечирилган.
Натижада фуқаро М.М. 6 830 қути Milano London номли акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини ҳамда фуқаро Ф.О. жами 4 870 қути «Милано» ва «Орис» номли акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини Бухоро ва Навоий вилоятларида ўтказиш мақсадида олиб келаётгани аниқланган. Маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, департаментнинг Янгиқўрғон туман бўлими томонидан ҳарбий қисм ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Мамай» МФЙ ҳудудида фуқаро Ж.Н. бошқарувидаги Lada автотранспорт воситасида 7 000 қути «Милано» номли акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини Янгиқўрғон туманида ўтказиш мақсадида олиб келаётгани аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)