NASA коинотда ишдан чиққан ERBS номли сунъий йўлдош Ерга қулаши мумкинлигидан огоҳлантирди.
1984 йилда коинотга учирилган ERBS сунъий йўлдоши NASA олимларининг прогнозлари бўйича 9 январь, душанбага ўтар кечаси Тошкент вақти билан тахминан 4:40 да Ерга қулаши керак эди. Бироқ, бу фақат тахминий вақт бўлган, чунки ушбу космик аппарат ҳали Ер атмосферасига кирмаган.
NASA ҳисоблашича, оғирлиги салкам 2,5 тонна бўлган сунъий йўлдош атмосферада ёниб кетиши керак, бироқ унинг таркибий қисмлари Ер атмосферасига киргандан кейин ҳам сақланиб қолади ва сайёра юзасига тушади. Аммо олимлар бу элементларнинг кимгадир зарар етказиш хавфи жуда кичик, тахминан 9 400 дан 1 ҳолат эканини таъкидламоқда.
ERBS космик аппарати 2005 йилда илмий фаолиятини тўхтатган бўлса-да, коинотда 38 йил бўлди. Сунъий йўлдош ўз асбоблари ёрдамида қуёш энергиясининг Ер томонидан ютилиши ва акс қайтарилиши жараёнини ўрганди. Охирги 17 йил давомида ERBS космик қолдиқ сифатида Ер атрофида айланиб юрди — сайёранинг тортишиш кучи уни аста-секин Ер томон тортган.
Изоҳ (0)