Тошкент шаҳар ИИББ таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган дорини оздирувчи восита деб сотаётганлардан огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулот сифатида «Фатзорб» номли дори воситасини сотишмоқда. Ушбу дори таркибида сибутрамин моддаси мавжуд бўлиб, кучли таъсир қилувчи модда ҳисобланади. Кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Шундай бир гуруҳ кишилар ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулотлар савдоси билан шуғулланишини маълум қилиб, саҳифа очгани ва кучли таъсир қилувчи моддаларни онлайн савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган.
5 январь куни Сергели тумани Обиҳаёт кўчасида 1992 йилда туғилган Д.С. ва 1993 йилда туғилган К.С. 600 минг сўм эвазига 180 дона «Фатзорб» номли дори воситасини сотаётган вақтида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ушланган.
Шунингдек, К.С. бошқарувидаги автомашина холислар иштирокида текширилганда яна 72 дона «Фатзорб» номли дори воситаси аниқланган ва ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
«Ҳурматли фуқаролар! Ҳар қандай дори воситасини сотиб олишдан ва уни истеъмол қилишдан аввал шифокорлар билан маслаҳатлашинг. Шифокорларнинг тавсияси бўлмаса, ҳеч қайси дори воситаларини истеъмол қилманг. Унутманг, нотўғри қўлланилган, истеъмол қилинган дори инсон соғлиғига зиён етказиши мумкин», — дея огоҳликка чақирган пойтахт ИИББ матбуот хизмати.
Изоҳ (0)