Сербия президенти Александр Вучич 106 та мамлакат Косовонинг мустақиллигини тан олмаётгани, 84 та тан олгани, яна учта давлат эса «охиригача эътироф этмагани»ни маълум қилди. Йил якунидаги анъанавий матбуот анжуманида у қайси тўққиз давлат Косовони тан олиш ҳақидаги қароридан воз кечганини ошкор қилди.
«Косово мустақиллигини тан олган мамлакатларнинг ўнтаси ўз қарорларини ўзгартирди, булар: Сомали, Буркина-Фасо, Габон, Асватини, Ливия, Гвинея, Антигуа ва Барбуда, Сент-Люсия, Мальдив… Ўнинчисини ҳам кутяпмиз», — деди Вучич.
Аввалроқ Сербия ташқи ишлар вазири Ивица Дачич ўнинчи мамлакат Косово мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қарорини ўзгартирганини айтган, аммо айнан қайси давлатлар эканига аниқлик киритмаган эди. Сербия ҳукумати илгарилари Косовони тан олиш фикридан қайтган мамлакатлар рўйхатини ошкор қилмасди.
Декабрда 350 га яқин косоволик полициячилар республиканинг серблар яшайдиган шимолий қисмига бостириб кирганидан кейин, Косовода вазият кескинлашди. Шундан сўнг, у ерда норозилик акциялари бошланди. Сербия қуролли кучларни жанговар шайлик режимига ўтказди, бироқ 29 декабрь куни бу режим бекор қилинди.
Изоҳ (0)