Россия президенти Владимир Путин Маданият вазирлигига Россия кинотеатрларида «махсус ҳарбий операция»га ҳамда «неонацистик ва неофашистик мафкура тарқалишига қарши кураш»га бағишланган ҳужжатли фильмларни намойиш қилишни топширди.
Шунингдек, идорага ватанпарварлик руҳидаги ҳужжатли кино фестивалини ташкиллаштириш юклатилди. Бу ҳақдаги таклифларни маданият вазири Олга Любимова 2023 йил 1 февралга қадар ишлаб чиқиши керак.
Президентнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган аскарлар оналари билан учрашуви якунларига кўра тузилган топшириқларида, шунингдек, Мудофаа вазирлиги россиялик ҳужжатли фильм усталарига «махсус операция»да қатнашиб, жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатганлар ҳақида кинематографик материал тайёрлашда ёрдам бериши кераклиги айтилади.
Бундан ташқари, Маданият вазирлиги ва Таълим вазирлиги 2023 йил 1 апрелгача «махсус операция» иштирокчилари ҳақида «жамоат маконлари, арт-объектлар ва мактаб музейлари»ни ташкил қилиб, Россия мактабларида бу мавзуда дарслар ўтказиши керак.
Изоҳ (0)