Навоий, Жиззах ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Навоий ва Жиззах вилоятларида кузатилаётган кучли шамол натижасида электр тармоқларида носозликлар юзага келмоқда. Бунинг натижасида Жиззах вилоятининг Фориш, Зафаробод ва Шароф Рашидов, Навоий вилоятининг Нурота, Томди ва Учқудуқ туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Марҳамат, Булоқбоши ва Асака туманларини электр энергияси билан таъминловчи юқори кучланишли электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган. Бунинг натижасида ушбу туманларнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида фавқулодда узилишлар кузатилмоқда.
«Ҳозирда махсус бригадалар томонидан носозликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда ва тез фурсат ичида ушбу ҳудудларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланади. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)