Дунё учинчи жаҳон уруши ёқасида, деди Польшанинг собиқ президенти Александр Квасневский. Бу ҳақда у Polsat News нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Собиқ президентнинг сўзларига кўра, Украинада уруш бошланганидан кейин «дунё кескин ўзгариб кетди». «Бу бир даврнинг охири ва бошқа бир, номаълум даврнинг бошланиши бўлди», — деди Квасневский.
«Ҳозир бир томондан, Беларусни қўлида тутиб турган Россия, иккинчи томондан, АҚШ президенти Жо Байден бошчилигидаги бирлашган Ғарб», — дея тушунтирди у. — Бундан ташқари, Тайванга даъво қиладиган Хитой ҳам бор». Собиқ президентнинг сўзларига кўра, Пекин Россиянинг заифлашишини кутмоқда, чунки заиф қўшни «улар учун яхши янгилик».
Бир сўз билан айтганда, дунё «хавфли тартибсизлик даврида», деб таъкидлади Квасневский. «Бунга Сербия ва Косово чегарасидаги вазиятни қўшсак, меъёридан осонгина ошиб кетиши мумкин», — дея огоҳлантирди у.
«Учинчи жаҳон уруши бошланиши ҳақида гапираётганимизнинг ўзи даҳшатли», — деди Польшанинг собиқ раҳбари.
Квасневскийнинг сўзларига кўра, Украина Кремль шартлари билан тинчликни қабул қилмайди, лекин Россия ҳам чекинмайди. Россияни мағлуб этиш керак, аммо «у барибир мавжудлигича қолаверади», шунинг учун «унинг заифлашиши мантиқан тўғри», деди сиёсатчи. Унинг фикрича, Байден вазиятни кескинлаштирмаслик учун Украинага айрим турдаги қуролларни етказиб беришдан бош тортиб, тўғри қарор қабул қилган. «АҚШ президенти ҳар қандай ҳолатда ҳам янги жаҳон урушидан қочишни истайди», — деб таъкидлади Польша собиқ раҳбари.
Изоҳ (0)