Норвегия қироли Харалд V инфекция ташхиси билан Ослодаги университет касалхонасига ётқизилди, деб хабар бермоқда қироллик уйи сайти.
«Қиролга инфекция ташхиси қўйилди, уни томирга юбориладиган антибиотиклар билан даволаш керак ва шунинг учун қирол касалхонада бир неча кун қолади. Аҳволи барқарор», — дейилади хабарда.
Харалд 1937 йил 21 февралда туғилган ва 1991 йилнинг 17 январидан бери тахтда. Унинг рафиқаси қиролича Соне ҳам 85 ёшда. Уларнинг икки фарзанди бор — валиаҳд шаҳзода Хокон (49 ёш) ва малика Марта-Луиза (51 ёш).
Маҳаллий Aftenposten нашрининг қайд этишича, 20 декабрь куни 85 ёшли қирол вазирлардан бирини қабул қилиши керак эди, аммо энди буни валиаҳд шаҳзода Хокон амалга оширади.
Ноябрь ойида қирол шамоллаш туфайли бир кунлик касаллик таътилида бўлганди, деб таъкидлади нашр. Август ойида эса у юқори ҳарорат сабаб даволаниш учун 4 кунга касалхонада ётиб чиққан.
Шунингдек, 2020—2021 йилларда Харалд иккита операцияни бошдан кечирган.
Изоҳ (0)