6 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан ҳиндлар томонидан вайрон қилинган Бобур масжиди, «Феминизмга қарши» йигит томонидан политехника институтидаги қизларнинг ўлдирилиши ҳамда Москва вилоятида портловчи моддалар ортилган вагонларда юз берган ҳалокатга оид фактлар ўрин олган.
Ҳинд миллатчилари томонидан вайрон қилинган Бобур масжиди
Бундан 30 йил олдин 6 декабрь куни минглаб ҳинд миллатчилари Уттар-Прадеш штати Аёдҳя шаҳрида жойлашган ўрта асрларга тегишли масжидни вайрон қилганди. Ҳиндистон ва хориждаги кўплаб одамлар учун XVI асрга оид ушбу диний бинонинг вайрон бўлиши очиқдан-очиқ вандализм ҳаракати эмас, балки мамлакатнинг замонавий тарихидаги муҳим босқич — «дунёвийлик» сиёсатининг асосларига путур етказиш эди.Бобур масжидининг бузилиши Ҳиндистоннинг турли қисмларида диний намойишлар ва конфессиялараро тўқнашувларни юзага келтирган. Мамалакат мустақилликка эришганидан буён энг қонли диний тартибсизликлар юзага келиши оқибатида 2 мингдан ортиқ одам ўлдирилган.
150 минг ҳинд оламони томонидан масжиднинг бузилиши Ҳиндистондаги мусулмон озчиликда қўрқув ва ўз келажагига хавотир уйғотган. «Масжиднинг вайрон қилиниши ҳинд жамияти ичидаги барча қора кучларнинг йўлини очиб юборди», — деганди узоқ йиллар ҳинд—мусулмон муносабатларини ёритган журналист Видя Субрахманиам.
Дели Раштрия Сангх ва Вишва Ҳинду Паришад (Бутунжаҳон ҳиндлар кенгаши) каби миллиатчи ҳиндлар масжид ўрнида ибодатхона қурилишини маълум қилган. Кўплаб ҳиндлар айнан шу ерда «Рамаяна» бош қаҳрамони Рам дунёга келган сарой бўлган деб ҳисоблайди — индуизмда уларга мифологик эмас, балки тарихий шахс сифатида қаралади. Уларнинг фикрича, мусулмонлар уларнинг муқаддас қадамжоларини оёқости қилган. Шу мақсадда бир неча йилдан бери бузилган масжид ҳудудида ибодатхона бўлганини исботлаш мақсадида археологик ишлар олиб борилмоқда — ҳозирга қадар бирор далил топилгани йўқ.
Мамлакатдаги сўллар ушбу санани «қора кун» сифатида нишонлайди. Ню-Делидаги намойишчилар масжиднинг вайрон қилиниши «демократик асосли замонавий республиканинг энг даҳшатли ҳужуми» деб ҳисоблайди. Бироқ Ҳиндистондаги миллиатчи ҳиндлар бу санани «Ғалаба куни», сифатида нишонлаб келади.
1528 йилда қурилган Бобур масжиди бўйича юридик баҳс 60 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этиб келади. Можаро 1949 йилда, масжид ҳиндларнинг энг ҳурматли худоларидан бири Рамнинг бутлари қўйилганида юз берган. Шундан сўнг масжид ёпилган ва «баҳсли иншоот» дея эълон қилинган.
2010 йилда Аллоҳобод Олий суди ҳиндлар ернинг учдан икки қисмига эгалик қилиш, уларга бузилган масжиднинг марказий қуббаси остида қурилган ибодатхонани сақлаб қолишга рухсат берилган. Ернинг қолган қисми — 2,77 акр мусулмонлар ихтиёрига ўтказилган. Аммо иккала томон ҳам Олий суд қарорига норозилик киритган.
Мусулмонлар ҳокимият тепасидаги ҳиндларни «маъмурий фитна» уюштиришда айблаган. «Ҳукуматнинг қонун устуворлигини атайлаб амалга ошира олмагани бу даҳшатли сценарийни янада кучайтирди», — деганди «Ҳиндистонда ҳиндларнинг шаклланиши» китоби муаллифи Акшай Мукул.
Бобур масжиди аниқ қачон қурилгани маълум эмас. Бинодаги ёзувлар масжид 1528—1529 йилларда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг буйруғи билан Мир Боки исмли шиа амалдори томонидан қурилган. «Бобурнома»да на масжид ва на унинг ўрнида бўлган ибодатхона бузилгани тўғрисида маълумотлар келтирилмаган.
Шунингдек, ҳинд анъаналарида Рам айнан шу ерда туғилгани тўғрисида бирор-бир маълумот ҳам мавжуд эмас. Масжид ҳақидаги энг дастлабки қайдлар Жай Сингх II — ражапутлик аристократга тегишли, у масжид атрофидаги ерларни 1717 йилда сотиб олган ва Жайсингпурга асос солган.
Бобур масжиди Жаунпур султонлиги архитектура мактаби анъаналарига мос равишда қурилган ва ҳатто Жаунпурдаги Атала масжидини ёдга солиб юборган. У ердаги ўзига хос акустика ва вентиляция ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар сақланиб қолган.
Инглиз архитектори Грем Пикфорд XIX асрда «Бобур масжидида жойлашган меҳробдаги шивирлаш бинонинг охирига, 60 метрга қадар эшитиларди», — деб ёзган.
Политехника институтидаги қизларнинг ўлдирилиши
1989 йил 6 декабрь куни Ругер Мини-14 автоматик ўқланувчи карабини билан қуролланган Марк Лепин Канададаги Монреаль политехника институти муҳандислик факультети корпусига кириб келган. У коридор бўйлаб ҳаракатланиб, администраторнинг саволларига эътибор қаратмаган. Соат 17:00 ларда иккинчи қаватда у эндигина имтиҳондан чиққан қизга биринчи ўқни узган, бироқ нишонга тега олмаган ва қиз қочиб кетишга муваффақ бўлган.Орадан беш дақиқа ўтиб Лепин муҳандислик механикаси бўйича 60 кишига маъруза ўқилаётган аудиторияга бостириб кирган. Эркак кириши билан у ердагиларга қарата «Мен аёлларни хоҳлайман!», дея бақирган.Лепин йигитлар ва қизларга икки гуруҳга бўлинишни буюрган. Талабалар Лепинни ичиб олган ва ҳазиллашаётган йигит деб ўйлаган. Марк шифтга қарата ўқ узиб, ҳазиллашмаётганини кўрсатиб қўйган.
Тўққиз нафар қиз қолганлардан ажралиб турганини кўрган Лепин қолган барча эркакларга аудиторияни тарк этишни буюрган ва улар буни сўзсиз бажарган. У қолган талаба қизларни саволга тутган: «Нима учун бу ерда эканимни биласизларм?». Қизлардан бири рад жавобини бергач Лепин «Мен феминизмни тугатишга келдим!», деган.
Наталий Прово исмли талаба эътироз билдиришга уринган: «Лекин биз феминист эмасмиз, келажакда яхши касб эгаси бўлиб, нормал ҳаёт кечириш учун муҳандислик механикасини ўрганяпмиз». Аммо Лепин унинг жавобини охиригача эшитмасдан туриб «барчанг феминистлар тўдасисан!», дея бақирган ва қизларни ўққа тута бошлаган. Лепин олти кишини, жумладан, профессорни ўлдирган ва яна уч қизни яралаган. У доскага «ахлат» дея ёзиб, аудиторияни тарк этган.
Лепин иккинчи қават бўйлаб барчага ўқ уза бошлаган ва уч қизни яралаган. Жиноятчи бошқа бир аудиторияга бостириб кирган ва қизларни отиб ташламоқчи бўлган, аммо қуролда носозлик юзага келган. Йигит муаммони бартараф этгунга қадар, барча талабалар авариявий чиқиш йўли орқали хонани тарк этишга улгурган.
Лепин авариявий чиқиш йўли орқали биринчи қаватга тушган ва ошхонага кирган — бу ерда талабалар тўпланганини кўрган қотил, эшик олдидаги қизни отиб ташлаган. Шунингдек, у столлардан бирининг остига яшириниб олган қизни ўққа тутган, талаба жароҳатланиб, ҳушини йўқотган, бироқ омон қолганди. Шундан кейин жиноятчи унинг танаси устидан сакраб ўтиб, ошхона томондаги икки талабага ўқ узган.
Ҳужум уюштирган шахс учинчи қаватга кўтарилиб, коридорда икки талаба йигит ва бир қизни яралаган. Соат 17:25 ларда институтда ўнлаб талаба тақдимот томоша қилиб ўтирган аудиторияга кирган. Лепин барча йигитларга хонани тарк этишни буюрган, шундан сўнг бир неча ўқ отиб Мариз Леклерни яралаган. Лепин қочмоқчи бўлган яна икки талабани ўлдиришга эришган. Аудиториядаги парталарнинг иккинчи қаторига кўтарилган Лепин столлар остига яширинган бир қизни ўлдириб, яна уч нафарини яралаган. Йигит қуролини яна ўқлашга тушган. Оғир яраланган Мариз Леклернинг овозини эшитиб, унинг танасига яна учта ўқни жойлаган ва «ишонч ҳосил қилиш учун» ўлик жасадга бир неча бор пичоқ санчган.
Лепин аудиториянинг энг охирига ўтиб, қуролни узун қишки пальтосига ўраган ва «Жин урсин!» дея соат 17:30 ларда ўзига ўқ узган.
Ҳодиса жойига етиб келган полициячилар Лепиннинг ҳамёнидан қуйидаги ёзувлар туширилган хатни топган: «Феминистлар ҳаётимни бузиб юборган. Мен ўзим учун қасос олдим». Шунингдек, унинг ёнидан 60 га яқин фойдаланилмаган патрон, бир қути сигарет ва овчилар пичоғи топилган. Фожиа оқибатида 14 киши ҳалок бўлган ва яна 14 киши яраланган.
Унутилган фожиа: Байрут каби портлаган совет шаҳри
1978 йил 6 декабрь куни Москва вилоятидаги темир йўл станциясида саноат портловчи моддалар билан тўлдирилган иккита катта вагон портлаб кетганди. Кейинроқ аниқланишича, вагонларга 120 тоннага яқин аммонал бўлган.Москва вилоятидаги портлаш оқибатлари жуда жиддий эди. Темир йўл яқинида бўлган кўп қаватли уйлар ва дўконларнинг деразалари портлаш тўлқини оқибатида парчаланиб кетган. Кучли зарбага кўплаб квартираларнинг нафақат эшиклари, балки ички деворлари ҳам бардош бера олмаган, айрим жойларда металл ва шифер томларга зарар етган.
Темир йўлнинг ўзига ҳам жиддий зарар етган. Портлаш оқибатида ҳодиса жойида диаметри 60, чуқурлиги 10 метрга тенг улкан ўра пайдо бўлган. Портлаган вагонлар турган йўлнинг ёнидаги темир йўл қисмларига ҳам қаттиқ шикаст етган.
«Ёрқин чақнаш рўй берди. Кейин гумбурлаш овози, зарба… Иккита хонани ажратиб турувчи деворнинг бир бўлаги портлаш тўлқини оқибатида қулаб тушиб, ўғлимни босиб қолай деди», — эслайди маҳаллий аҳоли.
Албатта, совет анъаналарига мувофиқ фавқулодда ҳолат ҳақида газеталар ёзмаган, телевидение ва радиода ёритилмаган. Фожиага алоқадор материалларнинг аксарияти ҳозирга қадар махфий сақланади. Бироқ шаҳарда кенг кўламли вайронагарчиликларни келтириб чиқарган портлашни иккиламчи ҳужжатлар — Давлат суғурта хизматининг маълумотномалари орқали ўрганиш мумкин.
Ҳужжатлар матнида ҳалокатнинг кўлами келтирилган. «Куровскоэ шаҳрида рўй берган табиий офат оқибатида 1236 та оила, 3163 киши истиқомат қилувчи 62 та давлат ва хусусий турар жой биноларига зарар етган».
Фавқулодда ҳолатни суриштириш вақтида шаҳарликларни янада кўпроқ талафотдан иккита вазият қутқариб қолгани маълум бўлган. Портлашнинг асосий тўлқини шаҳардан четга — одамлар яшамайдиган жанубий томонга кетган. Бундан ташқари, Куровское аҳолисининг портлаш энергиясининг сезиларли қисмини ўзига қабул қилган «ҳимоячиси» бўлган. Аммонал жойлаштирилган вагонлар ва шаҳар ўртасида ўша кеча электричка жойлашганди. Портлаш тўлқини электропоезд ва унинг вагонларига тўғри келгани сабаб, уларнинг катта қисми қайта тикланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Фожиа оқибатида фақат икки киши ҳалок бўлгани тўғрисида маълумотлар бор — вагонларни қўриқлаган соқчи ва темир йўл қозонхонаси ишчиси. Шу билан бирга, шаҳарнинг ўнлаб аҳолиси тиббий ёрдам сўраб, шифохонага мурожаат қилган. Агарда портлаш кечаси эмас, кундузи содир бўлганида қурбонлар сони бундан анча кўп бўлар эди.
«Портловчи моддалар шаҳарда ‘Взривпром’ номи билан машҳур корхона учун мўлжалланган эди. Уларнинг омбори Куровское станциясидан 3 километр узоқликда жойлашган. У ерда саноат эҳтиёжлари ва фуқаролик мудофааси учун мўлжалланган турли портловчи моддалар сақланган. Уларнинг барчаси темир йўл орқали етказилган, машиналарга ортилган ва омборхона ҳудудига тахланган», — дейди маҳаллий тарихчи Михаил Рибин.
Унинг сўзларига кўра, фавқулодда ҳолат содир бўлган кундан бир кун аввал станцияга портловчи моддалар ортилган иккита ёпиқ юк вагони етиб келган. Текширув вақтида улардан бирининг эшигидаги муҳр бузилгани аниқланган. Вагон ичига бегона инсон кириб, аммонал ўғирлаган бўлиши мумкин деган шубҳа пайдо бўлган. Шу сабабли иккала вагонни ҳам станциянинг захира йўлида эртаси кунгача қолдиришга ва шубҳали вазиятни яхшилаб ўрганишга қарор қилинган. Назорат учун қуролли соқчи навбатчиликка қўйилган. Аммо бу ёрдам бермаган: кечаси муҳри бузилган вагон ичидаги моддалар портлаган. Кейин эса иккинчи вагонда портлаш содир бўлган.
Ҳолат бўйича тергов билан КГБ ходимлари ҳам шуғулланган. Шаҳарликларга сиздирилган расмий версияга кўра фожиада вагонларни қўриқлаган соқчи айбдор деб топилган. Қандайдир сабабга кўра эркак — қўриқлаш идорасининг ходими ўз қуролидан вагонга қарата ўқ узган. У қонунбузарни кўриб қолган ёки шунчаки кўзига нимадир кўринган. Нима бўлганда ҳам, тергов фикрича, қуролдан узилган ўқ вагон деворини тешиб ўтиб, аммоналнинг портлаш реакциясини келтириб чиқарган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)