Самарқанд аэропорти ноқулай об-ҳаво туфайли вақтинча ёпилгани ҳақида хабар берилган эди. Uzbekistan Airports матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, 5 декабрь куни соат 4:20 дан об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли Самарқанд халқаро аэропортида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишда вақтинчалик чеклов жорий этилди. Шу сабабли «Аэрофлот»нинг Москва—Самарқанд йўналиши бўйича рейси, Turkish Airlines’нинг Истанбул—Самарқанд рейси Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналтирилди.
Fly Dubai авиакомпаниясининг рейси об-ҳаво ёмонлашгунга қадар — маҳаллий вақт билан 03:07 да Самарқанд аэропортига қўнишга муваффақ бўлган. Бироқ самолётнинг етиб келиши кечикканлиги сабабли Самарқанддан учиш вақти соат 16:15 га кечиктирилди.
Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш бўйича чекловларни маҳаллий вақт билан соат 13:00 гача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
«Ҳозирда аэропорт ходимлари барча зарур чораларни кўрмоқда — бир неча соат давомида учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлакларини махсус техника ва кимёвий воситалар ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)