Тожикистон-Қирғизистон чегарасида навбатдаги кўнгилсиз ҳодиса юз берди, оқибатда Сомониён қишлоғи фуқароси жабрланди, деб хабар бермоқда Asia Plus Тожикистоннинг Исфара шаҳар раиси матбуот котиби Зубайдулло Шомадовга таяниб.
Унинг маълум қилишича, 3 декабрь куни тахминан 10:00 да Қирғизистон фуқаролари Тожикистоннинг Чоркуҳ жамоати Сомониён қишлоғи фуқаросини арматура билан дўппослаган. Шундан кейин қирғизистонлик чегарачилар Тожикистон томонига қарата бир неча марта ўқ узган.
Жабрланувчи касалхонага ётқизилган.
«Ҳодиса юз берган ҳолатни ва унинг сабабларини аниқлаштириш учун айни пайтда икки мамлакат чегара хизматлари даражасида учрашув ўтказилмоқда», — деди Шомадов.
Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати талқинига кўра, жанжал «Қирғизистон фуқароси М.Н. ва Тожикистон фуқаролари ўртасидаги даҳанаки жанг»дан кейин бошланган.
«Тожикистон фуқаролари Қирғизистон фуқаросига қарата ҳақоратли гапларни айта бошлаган. Улар ўртасида жанжал бошланиб, ўзаро тошбўронга айланиб кетган. Низо кучайиб кетишига йўл қўймаслик учун Қирғизистон фуқароси ов қуролидан ҳавога қарата уч марта огоҳлантирувчи ўқ узган», — дея маълум қилди чегара хизмати.
Изоҳ (0)