Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков президент Владимир Путин Украина бўйича музокараларга тайёр эканини айтди. Бироқ унинг сўзларига кўра, музокаралар бошлаш учун АҚШ президенти Жо Байден айтган шартларни қабул қилиб бўлмайди. Песков Украинадаги ҳарбий амалиёт давом этишини қўшимча қилди. Аввалроқ Байден Украинадаги уруш тўхтатилгандан кейингина Путин билан музокара бошлашини айтганди.
«У (Байден) биринчи навбатда Путин Украинани тарк этиши кераклигини айтди. Унинг фикрича, бу Путиннинг музокараларга тайёрлигини намойиш қилади. Аммо бу масала моҳиятини ўзгартиради. АҚШ Россия Федерацияси таркибидаги янги ҳудудларни ҳалигача тан олмайди. Бу эса албатта, ўзаро мунозара учун асослар излашни сезиларли даражада мураккаблаштиради», — деди Дмитрий Песков журналистларнинг саволига жавобан.
Песков Владимир Путин музокараларга тайёр эканини қўшимча қилди: «Махсус ҳарбий операция давом этади. Шу билан бирга, президент Путин музокаралар учун очиқлигича қолмоқда». Унинг сўзларига кўра, Россия учун ҳамон «тинч дипломатик воситалар» афзал.
1 декабрь куни Жо Байден яқин келажакда Владимир Путин билан боғланишни режалаштирмаганини айтди. У Украинадаги ҳарбий можарога барҳам бериш истагини билдирсагина Путин билан музокарага тайёр бўлишини қўшимча қилди. 2 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Байден Украинадаги можаронинг кенгайишига йўл қўймасликни исташини таъкидлади.
Изоҳ (0)