29 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Ким Чен Ир топшириғи билан Жанубий Корея йўловчи самолётининг портлатилиши, самолёт бошқараётиб ҳалокатга учраган «Формула-1» чемпиони ҳамда қишлоқни ёқиш топшириғини бажаришда немисларга асир тушган Зоя Космодемянская ўтказилишига оид фактлар ўрин олган.
КХДРнинг 25 ёшли агенти томонидан портлатилган Жанубий Корея самолёти
1987 йил 29 ноябрь куни Андаман денгизи устида Жанубий Кореянинг Korean Air авиакомпаниясига тегишли Boeing 707-3B5C самолёти портлаб кетганди. Портлаш икки нафар КХДР агентлари томонидан амалга оширилган бўлиб, фожиа оқибатида 115 киши ҳалок бўлганди.Террорчилардан бири 25 ёшли Ким Хен Хи бўлиб, у Шимолий Корея агенти ҳисобланади (КХДРдагилар эса уни Жанубий Корея агенти дейди). Терактда у отаси ролини ўйнаган кекса ҳамкасби билан иштирок этган. Уар Шимоли Кореянинг Сунан аэропортидан учиб, аввалига Москвага йўл олади, у ерда Будапештга бориб, бир ҳафта юради. Бу вақт давомида улар Шимолий Кореянинг бошқа жосуслари билан ҳамкорликни тўхтатмаган. Ким шериги билан Будапештдан Венага олиб чиқилади, уларга асли япониялик эканликларини билдирувчи сохта паспортлар берилади.
Венада агентлар турист сифатида Вена—Белград—Бағдод—Абу-Даби—Баҳрайн ва Абу-Даби—Уммон—Рим йўналишида чипталар харид қилган. Бағдоддан Абу-Даби парвоз Korean Air авиакомпаниясининг KE858 рейси орқали амалга оширилиши керак эди. Агентлар икки кун олдин терактнинг яна бир иштирокчиси томонидан берилган бомбани самолётга ўрнатиб, Уммонга учиб кетган.
Кимнинг айтишича, теракт ўша вақтда КХДР Олий Халқ Кенгаши депутати лавозимида ишлаган Ким Чен Ир ташаббуси билан амалга оширилган. Жанубий Корея бу вақтда Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўраётган ва у бунга йўл қўйишни хоҳлаган.
Портловчи қурилма Япониянинг Panasonic компаниясига тегишли радио кўринишида маскировка қилинган, портловчи модда эса алкоголь идишига жойланган. Агентлар самолётда фаоллаштирилган бомбани ўриндиқ остидаги буюмлар сақланадиган бўлмада қолдириб, Абу-Дабида ҳаво кемасидан тушиб қолган. Самолёт Бангкок томон парвозини давом эттирган. Унинг бортида 115 киши, жумладан, экипаж аъзолари бўлган. Йўловчиларнинг аксарияти Яқин Шарқдаги қурилиш ишларидан уйига қайтаётган кореялик ёшлар эди.
Соат 05:02 да экипаж Бангладешдаги диспетчерга барчаси яхши экани тўғрисида ҳисобот берган. Соат 05:05 да эса бомба ишга тушган. Самолёт Андаман денгизи устидаги назорат нуқтасидан ўтиши керак эди. Экипаж нуқтадан ўтилгани тўғрисида ҳисобот бермагач, диспетчерлар самолёт йўқолганини эълон қилган.
Ҳаво кемасининг бўлаклари икки ҳафтадан кейин топилган — маҳаллий кемалардан бири унга дуч келган. Бортда бўлган барча ҳалок бўлганди. Самолёт портлатилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин самолёт йўқолиши билан пайдо бўлган. Махсус хизматлар Абу-Дабида тушиб қолган йўловчиларни текширишга киришган.
Агентлар бу вақтда Уммонга йўл олиши керак эди, бироқ виза билан боғлиқ муаммолар сабаб улар янги чипталарни олган — Баҳрайнга ва у ердан Римга. Аммо бу вақтга келиб махсус хизматлар агентларнинг ҳужжатлари сохта эканини аниқлашга улгурган ва Баҳранда улар маҳаллий полиция томонидан ҳибсга олинган. Қўлга олиниш вақтида Ким полициячига ташланиб, унинг қуролини тортиб олишга уринган, бироқ буни уддалай олмаган.
Эркак полициячидан чекишга рухсат сўраган. Розиликни олгач, сигарет пачкасини олиб, шериги билан бўлишган. Террорчи сигаретни оғзига солиши билан уни тишлаган ва типирчилай бошлаган. Буни кўрган полициячи Ким Хен Хининг оғзидаги иккинчи сигаретни уриб туширган.
Агентлар шифохонага етказилган, бироқ эркак сианиддан заҳарларниш оқибатида вафот этганди, капсула сигарет ичига яширинган бўлган. Ким Хен Хи оз миқдордаги заҳарни ютишга улгургани боис, омон қолган.
Ким даволаниш ва тергов учун Сеулга жўнатилган. Қиз асли хитойлик етим экани, Японияда улғайгани ва терактга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. Бироқ сигаретлар таҳлили давомида бундай сигаретлар Жанубий Кореяда қўлга олинган КХДРнинг бошқа агентларида ҳам бўлганини кўрсатган.
Орадан бир ҳафта ўтгач, Ким содир этган ишларига иқрор бўлган. Жанубий Корея сиёсатчиси Чхве Юн Чжиннинг сўзларига кўра, у жанубдаги ҳаёт ўзларининг пропаганда фильмларидан сезиларли фарқ қилишини тушуниб етган ва «Мени кечиринглар! Барчасини айтиб бераман», дея иқрор билдирган.
Кимнинг сўзларига кўра, уни 16 ёшида Корея Меҳнат партияси оғдириб олган. Уч йил давомида у тил ўрганган, жумладан, япон тилини, кейин эса Шимолий Корея армиясининг махфий бўлинмасида ўқиб қуруқ қўл билан одам ўлдириш, милтиқ ва гранаталардан фойдаланишни ўрганган. Терактдан аввал қизни самолётнинг портлаши мамлакат фаровонлиги учун хизмат қилишига ишонтиришган.
«Мен қилган гуноҳим учун жазоланиб, 100 марта ўлдирилишим керак», — деган Ким Жанубий Корея Миллий разведка агентлиги матбуот анжуманида.
Ким ўлим жазосига ҳукм этилган, аммо кейинроқ Жанубий Корея президенти Ро Де У қизни афв этган. «Шимолий Корея раҳбарияти — мана ким суд олдида жавоб бериши керак. Бу болалар — худди ҳалок бўлган йўловчилар каби режим қурбонларидир», — деган президент.
Шимолий Корея ҳукумати содир бўлган фожиага ўзларининг алоқадорлигини рад этган. Уларнинг версияси бўйича теракт Жанубий Корея томонидан президентлик сайловларига таъсир ўтказиш мақсадида уюштирилган.
Ким 1997 йилда Жанубий Корея разведкасининг собиқ агентига турмушга чиққан ва икки нафар фарзандни дунёга келтирган. Ҳозирда унинг яшаш жойи ошкор этилмайди.
Бир пойгачи тарихи: «Формула-1» чемпиони Грем Хилл
1975 йил 29 ноябрь куни «Форма-1» бўйича икки карра жаҳон чемпиони британиялик пойгачи Грем Хилл авиаҳалокатда ҳалок бўлганди.Норман Грем Хилл 1929 йил 15 февралда Лондонда дунёга келган. Отаси биржада маклер бўлиб ишлаган ва ўғли иқтисодни ўрганиб, ўз касбини давом эттиришини орзу қилган. Бироқ ёш Гремнинг бошида умуман бошқа қизиқишлар бор эди — пойга, автоспорт ва машиналар.
Кичик Хилл техника коллежини тамомлаган ва Смитҳ&Сон компаниясига механик бўлиб ишга жойлашган. Иш давомида тўплаган пулларига Грем биринчи мотоциклини харид қилган, бироқ кўп ўтмай аварияга учраб, қовурғасини синдириб олган. Авариядан кейин Хиллнинг чап оёғи калтароқ бўлиб қолган.
Автоспортнинг бўлажак «қироли» флотдаги ҳарбий хизматдан қайтиб келгач, эшкак эшиш бўйича Лондон клуби аъзосига айланган ва мазкур спорт тури билан жиддий шуғулланган. 24 ёшида Грем ўзининг биринчи автомобилини сотиб олган — Austin 1929. Худди мотоцикл билан бўлгани каби Хилл тезда муаммога дуч келган. Сафар вақтида машинанинг тормоз тизими ишламай қолган ва у тротуарда тўхташга мажбур бўлган. Бир неча йилдан кейин у автомобиль ҳайдашни энди ўрганаётган инсон, албатта, Austin’ни бошқарсиҳи кераклигини, чунки бу машина одамда учта сифатни шакллантиришини таъкидлаган: диққатни жамлаш, қатъият ва йўлдаги вазиятни олдиндан кўра билиш.
1953 йилда Хилл исталган инсон пул тўлаб «Формула-3» чемпионати учун мўлжалланган ҳақиқий Cоопер пойга машинасида сайр қилиш мумкинлигига ҳақидаги эълонни кўриб қолган. Бу унинг автоспортга биринчи қадами эди.
Ушбу тадбирни ўтказган Брандс Ҳатч автомактаби ходимлари Гремнинг қобилиятидан ҳайратга тушиб, унга механиклик лавозимини таклиф қилган. Кўп ўтмай ёш пойгачи карьера зиналаридан кўтарилиб, бош инструкторга айланган, бироқ раҳбарият билан келиша олмагани туфайли кўп ўтмай у ердан кетишга мажбур бўлган.
Бир неча ойдан кейин Гремнинг ҳаётини ўзгартириб юборган яна бир воқеа содир бўлган. Дўсти Майк Костин унга Лондондаги автошоуга бирга боришни таклиф қилган. Англия пойтахти томон кетиш вақтида Хилл Майклнинг таниши — 1952 йилда Lotus Carс компаниясига асос слоган Колин Чепмен билан танишиб қолган.
Чепмен билан танишув Хиллнинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган. У «Формула-1» чемпионатида иштирок этишга тайёрланаётган Lotus жамоаси механигига айланган, шунингдек, Грем Колин билан болид рулида ўз имкониятини синаб кўришга ҳам келишиб олган.
1958 йилда Грем Хилл Гран-При Монакодаги «Формула-1» мусобақасида Lotus 12 автомобили билан илк бор иштирок этган. Шундан кейин Грем икки мавсум давомида 16 та Гран-Прида қатнашган бўлиб, уларнинг фақат тўрттасида финишга етиб келган. Қолганларида пойгачи техник муаммолар сабаб финишгача етиб бормаган ҳам.
1960 йилда Хилл БРМ жамоасига ўтган ва учинчи пойгадан кейин Нидерландиядаги мусобақада ғалаба қозонган. Қисман муваффақиятга қарамай, 1960 ва 1961 йиллардаги мавсумларни пойгачи 15-ўринда якунлаган. Таъкидлаш керакки, 1960 йил 17 сентябрь кун Хилл ўғилли бўлади ва келажакда у ҳам отасининг изидан бориб, «Формула-1» чемпионига айланган.
Пойгачи ва унинг жамоаси ҳаётидаги туб ўзгариш 1962 йилда рўй берган — БРМ эгаси Алфред Оуэннинг пойгачилардан қониқмагани сабаб ёпилиш арафасида эди. Жамоа чемпионликни қўлга киритмаса, Алфред барчани ўз уйига жўнатиб юборишга қарор қилган. Ҳеч ким кутмаган жойдан БРМ уддалаб бўлмас ишни амалга оширган ва Грем Хилл биринчи марта Англияда йиғилган машинада чемпион бўлган британияликка айланган. 1962 йилги мавсумларда ўтказилган тўққизта Гран-Прининг тўрттасида Хилл ғалаба қозонган.
Кейинг уч йил давомида чемпионат рейтингининг иккинчи поғонасига чиқиб олган пойгачи Гран-При Монакода уч марта ғалаба қозонган.
1957 йил 29 ноябрь куни Грем Хилл, Тони Брайз, коструктор Столлмен ва уч нафар механик — Терри Ричардс, Рей Бримбл ва Тони Элкок Франциядаги синовлардан Англияга қайтаётган эди. Самолётни Хиллнинг ўзи бошқараётган эди. Ҳаво кемаси Ла-Маншни кесиб ўтиб, Лондон ғарбидаги «Элстри» аэропортида йўл олган. Буюк Британия пойтахтига бир неча километр қолганида самолёт қуюқ туманга дуч келган ва кўрувчанлик кескин тушиб кетган. Пайдо бўлган кучли шамол сабаб барча ёнилғи сарфлаб бўлинган ва Грем Хилл фавқулодда қўнишни амалга оширишга мажбур бўлган. Қўниш вақтида самолёт дарахтларга урилиб кетиб, ерга қулаган ва портлаган. Йўловчиларнинг барчаси ҳалок бўлган.
Қишлоқни ёқиш топшириғини олган Зоя Космодемянская
1941 йил 29 ноябрь куни «Петришево» қишлоғида партизанка Зоя Космодемянская қатл этилганди. Бу ҳақдаги оммага биринчи марта 1942 йил 27 январда эълон қилинган. Шу куни «Правда» газетасида Пётр Лидовнинг «Таня» очерки пайдо бўлган. Кечга бориб у Бутуниттифоқ радиосига топширилган. Гап жанговар вазифани бажариш вақтида немислар томонидан ушланган ёш партизанка ҳақида кетарди.Маълумотларга кўра, ўша вақтда ишнинг тергови билан махсус комиссия шуғулланган ва қаҳрамоннинг ҳақиқий исмини аниқлаган: у москвалик 18 ёшли ўқувчи Зоя Космодемянская эди. Ўшанда Зоя Тамбов вилоятидаги Осино-Гай қишлоғида ўқитувчилар оиласида дунёга келгани маълум бўлган. Шунингдек, Зоянинг Александр исмли укаси ҳам бўлган. Тез орада оила Москвага кўчиб кетган. Зоя мактабда яхши ўқиган, камтар ва меҳнаткаш бўлган.
1941 йил 30 сентябрь куни немисларнинг Москвага босқини бошланган. 7 октябрда Вязма ҳудудида фашистлар Ғабий ва Резерв фронтининг бешинчи армиясини қуршовга олишга эришган. Москвадаги муҳим объектларни миналаштиришга қарор қилинган, жумладан, кўприклар ва саноат корхоналарини ҳам. Немислар шаҳарга киргудек бўлса, объектлар портлатилиши лозим эди.
Москвага ҳаво зарбалари тинмаган. Ўшанда кўплаб москваликлар коммунистик ишчилар батальонлари, жанговар дружиналар, отрядларга қўшилган. 1941 йил октябрда бир гуруҳ йигит ва қизлар билан суҳбатлашган Зоя Космодемянская ҳам бўлинмага қўшилади. Зоя онасига Москва тумани Коммунистик ёшлар иттифоқига («Комсомол») қўшилиш учун ариза бергани ва уни фронтга қабул қилишганини айтган.
Шундан кейин у 2 мингга яқин одам билан Кунсеводаги 9903-сонли ҳарбий қисмга йўл олган. У ерда Зоя Ғарбий фронт разведка-диверсия қисми жангчисига айланган. Ноябрь ойи бошларида Зоя ва унинг шерикларига биринчи топшириқ берилган — душман тараф ортидаги йўлни миналаштириш. Улар вазифани муваффақиятли бажариб, ҳарбий қисмга йўқотишларсиз қайтиб келган.
18 ноябрь куни 9903-ҳарбий қисм қўпоррувчи гуруҳи командирлари Павел Проворов ва Борис Крайнов топшириқ олади: Сталиннинг буйруғига кўра, улар 10 та — «Анашкино», «Грибсово», «Петришево», «Усадково», «Илятино», «Грачево», «Пушкино», «Михайловскоэ», «Бугайлово», «Коровино» аҳоли пунктини ёқиш топширилган. Вазифани бажаришга 5-7 кун берилган. Гуруҳлар топшириқни уддалаш учун бирга йўл олган.
Маълумотларга кўра, ушбу уйлар ёқилганидан кейин Зоя белгиланган нуқтага қайтиб келмаган. Бҳунинг ўрнига ўрмонда қолиб, эртаси куни яна қишлоққа йўл олган. Буйруқни бажаришга мақсадида уйларга ўт қўяётган Зояни Семён Свиридов кўриб қолган ва у бу ҳақда немисларга хабар берган. Кейинроқ маълум бўлишича, Свиридов немислардан партизан қизнинг қўлга олинишида ёрдам бергани учун вино билан меҳмон қилинган холос.
Сўроқлар давомида қиз ўзини «Таня» деб таништирган ва немисларга керакли бирор маълумотни бермагани учун қаттиқ калтакланган. Қийноқ жараёнларига гувоҳ бўлган қишлоқ аҳолисига кўра, кечаси қиз кўчага уст-бошсиз олиб чиқилган ва узоқ вақт совуқда сақланган.
«Ярим соат ўтириб, уни яна кўчага олиб чиқишди. 20 дақиқа кўчада ялангаёқ судрашди, кейин яна қайтариб олиб келишди. Бу каби қийноқ кечки соат 22:00 дан 02:00 гача давом этди. Буларнинг барчасини 19 ёшли немис аскари қиларди», — дея эслайди воқеа гувоҳларидан бири.
Эртаси куни партизан қиз тайёрлаб қўйилган дорга олиб чиқилган. Унинг бўйнига «Уйларга ўт қўювчи» ёзуви туширилган пешлавҳа илинган. Кейинроқ 1943 йилда ўлдирилган немислардан бирининг ёнида Зоянинг қатл жараёнида олинган бешта сурат топилган.
1942 йил 16 февраль куни Космодемянская ўлимидан кейин Совет Иттифоқи Қаҳрамонига айланган, ўша йилнинг 7 майида эса у Москвадаги қабристонга қайта дафн этилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)