Қашқадарё вилоятидаги бир қатор археологик объектларда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани, объектларга зарар етказилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда Қашқадарё вилоятида жойлашган маданий мерос объектларининг сақланиши, тикланиши, таъмирланиши аҳволи ўрганилган. Вилоятда жойлашган 1 468 та маданий мерос объектлари танлов асосида бевосита жойида ўрганилган. Натижада 500 дан зиёд маданий мерос мерос объектларидан фойдаланишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
Шунингдек, 11 та археология мероси объектларига 6 миллиард сўмга яқин зарарлар етказилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилган.
Жумладан, Қарши туманида жойлашган V—VIII асрларга оид «Дўнгтепа», «Номсизтепа» ва «Авлиётепа» археология мероси объектлари қисман бузилган. Оқибатда объектларга 1 миллиард 488 миллион сўмлик зарар етказилган.
Бундан ташқари, ўрганишда маданий мерос объектларига ноқонуний ўрнатилган 5 та ташқи реклама баннерлари олиб ташланиши, ижара шартномаси тузмасдан маданий мерос объектидан фойдаланиб келаётган 10 нафар тадбиркорнинг фаолияти қонунийлаштирилиши, 11 та маданий мерос объектларидаги ноқонуний қурилмалар бузиб ташланиши таъминланган. 37 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган ва судларга 7 та ариза киритилган.
Назорат тадбирлари бошқа вилоятларда ҳам давом этмоқда.
Изоҳ (0)