25 ноябрь куни Тошкент фотосуратлар уйида рассом Элнур Эгамовнинг «Парадокс» номли шахсий кўргазмаси очилди. 50 та ноодатий инсталляция намойиш этилган кўргазма 26–27 ноябрь кунлари ҳам давом этади.
«Кўргазмада жамиятимиздаги социал, экологик ва онгимиздаги муаммоларни кўрсатиб бердим. Бу ерда муаммоларнинг ечими йўқ. Мен охири ёрилдим, сизларга ойна тутдим. Ушбу кўргазма ташриф буюрувчилар учун кўзгу, ечим уларнинг қўлида. Асарлар орқали ўзингизга боқинг демоқчи бўлдим. Агар вақтида хулоса чиқариб, ҳаракат қилмасак, мана шу манзаралар келажагимизда акс этади», — дейди Элнур Эгамов.
Рассомнинг айтишича, уларни яроқсиз буюмлардан фойдаланган ҳолда, редемейд (ready-made) техникасида яратиш учун 6 ой вақт сарфлаган. Кўргазмани нафақат бадиий, балки ижтимоий-тадқиқот объекти сифатида ҳам аҳамиятли дейиш мумкин.
«Дарё» фотомухбири Дилруҳ Исомиддинова парадоксдан иборат асарлар намойишидан фотогалерея тайёрлади.
Изоҳ (0)