Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида икки нафар номаълум эркак бир аёлни куч ишлатиб автомашинага ўтқазиб, олиб кетгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 24 ноябрь куни Учтепа тумани 22-мавзесидаги кўп қаватли уйлар олдида содир бўлган. Д.Ш. исмли фуқаро (1992 йилда туғилган) отаси 1963 йилда туғилган Х.М. билан бирга Tracker автомашинасига турмуш ўртоғи М.А. (2000 йилда туғилган)ни ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида М.А. қонуний турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчилиги сабабли бир нафар фарзандини турмуш ўртоғида қолдириб, уйдан чиқиб, Тошкент шаҳрига кетиб қолгани аниқланган. Уни турмуш ўртоғи Д.Ш. қидириб, юқоридаги манзилдан топган ҳамда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги ўзининг уйига олиб борган.
«Ҳозирда М.А. оила даврасида соғ-саломат эканлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилмоқда. М.А. ва унинг оиласи билан хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ҳамда психологлар ишламоқда. Текширув якуни бўйича айбдор шахсларга қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Изоҳ (0)