2022 йилнинг январь—октябрь ойларида Ўзбекистон 27 та хорижий давлатлардан енгил автомобиллар импорт қилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, январь—сентябрь ойларида 25 та давлатдан енгил автомобиллар олиб келинган.
10 ойда Ўзбекистон енгил автомобилларни энг кўп Хитойдан импорт қилган — 9 332 та. Биргина октябрь ойида мамлакатдан 650 та автомобиль олиб келинган. Январь—сентябрь ойларида бу кўрсаткич 8 682 тага тенг бўлган.
Ўзбекистон йил бошидан бери энг кўп автомобиль импорт қилган давлатлар рўйхатида Корея иккинчи ўринда жойлашган. 10 ой мобайнида мамлакатдан 7 600 та машина олиб келинган. Октябрь ойининг ўзида 483 та автомобиль импорт қилинган.
Учинчи ўринда 5 717 та автомобиль импорт қилинган Қозоғистон турибди. Январь—сентябрь ойларида мамлакатдан 4 431 та автомобиль импорт қилинган. Октябрь ойида эса бу кўрсаткич кескин ошган — 1 286 та автомобиль.
Дастлабки 10 ой давомида Ўзбекистон автомобиль импорт қилган давлатлар рўйхатида Россия тўртинчи ўринда — 1 443 та. Октябрь ойида мамлакатдан 25 та машина олиб келинган.
Бешинчи ўринда эса 475 та автомобиль билан АҚШ жойлашган. Ўтган ойда мамлакатдан 116 та енгил автомобиль олиб келинган.
Ўзбекистон автомобиль импорт қилган давлат рўйхатидаги кейинги ўринларда БАА (127 та), Япония (122 та) ва Германия (111 та) жойлашган.
Изоҳ (0)