Хитой раиси Си Цзиньпин 15 ноябрь, сешанба куни G20 саммитида баёнот бериб, бир томонлама санкцияларни бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда Global Times хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, дунё озиқ-овқат ва энергетика масалаларини сиёсийлаштиришга қатъий қарши туриши керак. Чунки бу глобал ривожланиш соҳасидаги энг долзарб муаммолар саналади. Си Цзиньпин ҳозирги инқирознинг асосий сабаби етказиб бериш занжирлари билан боғлиқ муаммо ва халқаро ҳамкорликнинг узилиши эканини айтди. У бу вазиятдан чиқиш учун барча мамлакатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва бошқа кўп томонлама халқаро ташкилотлар билан келишган ҳолда бозорни назорат қилиши ҳамда тартибга солиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, Хитой раҳбари очиқ ва барқарор товар бозорини ривожлантириш, етказиб бериш занжири ва бозор нархларини биргаликда барқарорлаштириш зарурлигини айтди. У бир томонлама санкциялар ва техник ҳамкорликдаги чекловларни бекор қилишга чақирди.
Маълумот учун, 14 ноябрь куни Си Цзиньпин АҚШ президенти Жо Байден билан учрашди. Хитой ва АҚШ раҳбарлари икки давлат раҳбарлари сифатида илк бор юзма-юз музокара ўтказди.
Изоҳ (0)