Запорожье вилоятининг аннексия қилинган қисмидаги Россия томонидан тайинланган маъмурият вакиллари рус қўшинларининг қўшни Херсондан олиб чиқилиши фонида Запорожье аҳолисини ҳам эвакуация қилиш режалаштирилмаётганини маълум қилди.
«Эвакуация қилиш режалаштирилмаган, чунки бунга ҳеч қандай сабаб йўқ. Бизнинг чегараларимиз ишончли ҳимояланган», — деб ёзди Запорожье раҳбари вазифасини бажарувчи Евгений Балицкий Telegram’даги каналида. «Мен Запорожье вилояти аҳолисини фейк хабарларга ишонмаслик, ваҳима берилмаслик ва хотиржамликни сақлашга чақираман».
У қўшни Херсондан Россия қўшинларининг чекинишини қуйидагича изоҳлади:
Бир нарсани тушунишингиз керак, Херсон вилоятининг ўнг қирғоғи аҳолисини эвакуация қилиш, шу жумладан, маданий мерос объектлари ва фондларини кўчириш режага мувофиқ амалга оширилди. Бу тинч аҳоли ва маданий мерос объектларига зарар етказмасдан ўтказилиши керак бўлган кенг кўламли операция учун мажбурий стратегик қадамлар бўлди.Аввалроқ Украина расмийлари Херсон озод этилганидан кейин фронтдаги вазиятни тўхтатиш ва «музлатиб қўйиш» ниятида эмаслигини маълум қилганди. The New York Times журналистларининг фикрича, Украина Қуролли кучлари Запорожье вилояти орқали Мелитопол йўналишида жанубга янги ҳужум учун тайёргарлик кўрмоқда.
Изоҳ (0)