АОКАда ўтказилган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева товар ва хизматларнинг сифатини оширишга оид масалалар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, республика бўйлаб 64 та мониторинг кузатуви ўтказилган. 54 та ҳолатда (85 фоиз) маҳсулотларнинг қалбаки намуналари сотилаётгани аниқланган.
Инсон саломатлиги учун зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз ва қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилмаслик юзасидан сотувчиларга тушунтириш берилган.
Агентликка жорий йил ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан 20 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шундан 35 фоизи — сотиб олинган маҳсулот ёки кўрсатилган хизмат сифати билан боғлиқ.
Чакана савдо объектларида сотиладиган товарларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларига мослигини текшириш учун 153 номдаги маҳсулотнинг назорат хариди амалга оширилган. Шундан 27 номдаги маҳсулот техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига мос эмаслиги аниқланган.
Хусусан, 12 та ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 та ҳолатда ноозиқ-овқат маҳсулотлари тегишли лаборатория таҳлиллари натижалари асосида номувофиқ деб топилган. Аниқланган камчиликлар бартараф этилган.
Изоҳ (0)